Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Наманган вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан йиғилиш бўлиб ўтмоқда.
–Ҳар сафар бу вилоятга келганимда, одамлардаги кўтаринки кайфиятни, каттаю-кичик доимо ҳаракатда, изланишда юрганини кўриб қувонаман.
Бугун ҳам ҳудуддаги ижобий ўзгаришлар, янги ишга тушган корхоналар билан танишиб, ислоҳотларимиз тўғри йўлдан бораётганига яна бир бор амин бўлдим, – деди давлатимиз раҳбари йиғилиш аввалида.
Сўнгги йилларда Наманганда салмоқли ишлар амалга оширилгани таъкидланди.
Эртага бошланадиган камбағалликни қисқартириш бўйича халқаро форумга Наманган шаҳри мезбонлик қилаётгани бежиз эмаслиги қайд этилди.
Қисқа вақт ичида Наманганда камбағаллик 2,5 баробар камайди. Бу, энг аввало, яратилган шароит ва вилоят аҳолисининг машаққатли меҳнати билан бўлгани таъкидланди.
Сўнгги саккиз йилда вилоятга 7 миллиард доллар хорижий инвестиция кирди, 8 мингга яқин янги корхона ишга тушди. Экспорт қилинаётган маҳсулотлар тури 2 карра кўпайиб, 1 мингдан ошди. Аҳолининг реал ўртача даромади 3 баробар ошди. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг 82 фоизи айнан кичик бизнес ва тадбиркорлик орқали даромад топмоқда.
ЎзА