Бугун юртимиздаги барча умумтаълим мактабларида “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари ўтказилди.
Самарқанд вилоятидаги таълим муассасаларида тадбирларни юқори савияда ўтказиш, битирувчиларга оқ йўл тилаш мақсадида ҳар бир мактабда вилоят раҳбарлари, депутат, корхона-ташкилотлар масъуллари иштирокида учрашувлар ташкил этилди.
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Самарқанд шаҳрининг Қорасув массивидаги 81-умумтаълим мактабида ўтказилган “Сўнгги қўнғироқ” да иштирок этди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси билан бошланди. Шундан сўнг вилоят ҳокими Президентимизнинг мактаб битирувчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Мактабни битираётган йигит-қизларни табриклаб, уларнинг келгуси ўқиш ва ишларига омад тилади.
[gallery-7254]
– Биз Янги Ўзбекистоннинг янги массивидаги янги мактабни илк битирувчилари бўлганлигимиздан фахрланамиз, – дейди мактаб битирувчиси Мухлиса Рустамова. – Албатта, тенгдошларим – мактабимизнинг 21 нафар илк битирувчилари билдирилган ишончни оқлаб, олий таълим муассасаларига ўқишга кириб, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшадиган авлод бўламиз.
Тадбирда мактаб битирувчиларига шаҳар кенгаши депутатлари томонидан китоблар совға қилинди.
Ғ.ҲАСАНОВ,
А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА