25 май куни мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактабларида 2022/2023 ўқув йили якунига бағишланган “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари бўлиб ўтди.
Ушбу қувончли кун наинки ўқувчилар ва уларнинг устозлари, балки уларнинг ота-оналари учун ҳам катта ва ғоят ҳаяжонли байрамга айланди.
Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 241-умумтаълим мактабида ҳам “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари баланд руҳда ўтди. Мактабга эрта тонгданоқ ўқувчилар, ўқитувчилар, ота-оналар, маҳалла ва жамоатчилик вакиллари тўпланди.
[gallery-12055]
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграйди. Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Умумий ўрта таълим мактабларининг битирувчи ёшлари”га табригини ўқиб эшиттирди. Мактаб директори Зироат Эрматова таъкидланганидек, бугун барча учун жуда ҳаяжонли кун. Бу йилги “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларига Президентимизнинг табриги ўзгача руҳ бағишлади.
Кейинги йилларда мактаб ва мактабдан ташқари таълимга катта эътибор қаратилмоқда. Буларнинг бари ёшларнинг ўзи танлаган соҳа бўйича пухта билим олиб, юқори малакали кадр бўлиб етиши йўлида муҳим омил бўлмоқда. Таълим соҳаси ҳам катта ўзгаришларга юз тутди. Ота-оналар, педагоглар, кенг жамоатчилик, ўқувчиларнинг фикри, таклифларини инобатга олган ҳолда соҳа муттасил ўзгаришларга юз тутмоқда. Устоз-педагоглар учун кўплаб енгилликлар яратилмоқда. Уларни ортиқча қоғозбозлик ва бюрократиядан, ўзларини тааллуқли бўлмаган жамоат ишларидан, турли мажлисбозликлардан халос этиш, вақти ва имкониятини таълим сифатига, ёшлар тарбиясига тўлиқ сафарбар этиши йўлида барча имкониятлар ишга солинмоқда.
Бунинг натижасида ўқувчилар турли фан олимпиадалари, спорт мусобақалари, ижодий танловларда муваффақият қозонмоқда.
Бу йил 241-мактабнинг 11-синфини 39 нафар ўқувчи битиряпти. Улар орасида турли олимпиадаларда муваффақиятли қатнашиб, муддатидан аввал талаба бўлган ёшлар борлиги эътиборлидир.
Самариддин Паритдинов уларнинг бири.
– Математика фани бўйича фан олимпиадасида яхши натижаларга эришиб, муддатидан олдин Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг математика факультети талабаси бўлдим, – деди Самариддин. – Буларнинг барчаси устозларимнинг меҳнати натижасидир. – Давлатимиз раҳбарининг биз – битирувчи ёшларга табрикларидан жуда хурсанд бўлдик, – деди ушбу мактабнинг олтин медалли битирувчиси Моҳира Шокирова. – Бизга кўрсатилаётган меҳр ва эътиборга намунали ўқиш, фаол изланишларимиз билан жавоб бериш бурчимиз.
Тадбирда кўп йиллар самарали меҳнат қилган устозларга фахрий ёрлиқлар, “Халқ таълими фидойиси”, “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонлари топширилди. Шунингдек, аъло баҳоларга ўқиб, ўз фаоллиги билан барчага ибрат бўлган битирувчилар ҳам муносиб тақдирланди.
Тадбирда Ватан, мустақиллик, мамлакатимиздаги янгиланиш жараёнлари, ёшларга қаратилаётган меҳр ва эътиборни улуғловчи куй-қўшиқлар ижро этилди.
Қалбларни ҳаяжонга тўлдириб “Сўнгги қўнғироқ” садолари янгради.
Маълумотларга кўра, мамлакатимиздаги 10 мингдан зиёд мактабларда “Сўнгги қўнғироқ”лар чалиниб, қарийб 392 минг нафар ёш қадрдон мактаблари, меҳрибон устозлари билан хайрлашди.
Бу каби тантанали тадбирлар мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактабларида юқори савияда бўлиб ўтди.
Назокат Усмонова, Даврон Эрназаров (суратлар),
ЎзА