Мактаб битирувчилари орасида нуфузли халқаро спорт мусобақаларида тобланган, жаҳон биринчиликларида Ватанимиз номини улуғлаган оловқалб ёш чемпионларнинг борлиги қувонарлидир. Биргина ортда қолаётган ўқув йили давомида мамлакатимиз ўқувчи-ёшлари спортнинг турли йўналишларида, комплекс спорт ўйинларида муносиб натижаларга эришди. Жумладан, ортда қолаётган жорий ўқув йилида Россиянинг Владивосток шаҳрида VII “Осиё болалари” ўйинларида мамлакатимизнинг 174 нафар спортчиси қатнашиб, 13 кун мобайнидаги баҳсларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Ўйинлар дастуридан ўрин олган 18 та спорт турида 41 та олтин, 28 та кумуш ва 45 та бронза, жами 114 та медалга эга чиқди.
Юртимизнинг мазкур жамоаси 20 дан зиёд жамоалар орасида 2-ўринни эгаллади. “Осиё болалари” ўйинларидаги ғалабаси билан Мафтуна Аҳмедова, Шоҳрух Ёқубов, Улуғбек Рашидов, Санжарбек Анварбеков, Дониёр Ибрагимов, Умар Мўйдинов, дзюдочиларимиз Лазиза Ҳайдарова, Фарангиз Омонова, Асадбек Мисиров, Абдулазизхон Шарофиддинов, Ғиёс Ражабов каби ўнлаб ёшларимизнинг номлари ўқувчилик давридаёқ Ўзбекистон спорт тарихи зарварағига битилди. Шунингдек, шахмат, бокс, футбол, кураш, дзюдо, енгил атлетика, якка кураш спорт турларида ҳам ёшларимиз мактаб давридаёқ шундай шарафга эришгани келгуси ютуқлар пойдевори мустаҳкам эканлигидан далолатдир.


"Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги Президент фармонида келтирилганидек, олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича Олимпия ва Паралимпия ҳамда Осиё ва Параосиё ўйинлари, жаҳон, Осиё ва республика чемпионатларида охирги уч йилда ғолиб ва совриндор бўлган спортчи-ўқувчилар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган олий таълим муассасаларига (тиббиёт йўналишидан ташқари) қўшимча давлат гранти асосида имтиҳон синовларисиз қабул қилиниши белгиланган. Бугун болалигининг беғубор дамлари кечган мактаби билан хайрлашаётган дилбандларимиз орасида шундай ҳуқуқ ва имтиёзга эга чемпионларимиз кўп. Ишонч ва шижоат ғалаба омили саналади. Бугун таълим олган даргоҳлари билан хайрлашаётган юзлаб чемпион ёшларимизнинг келажак йўли, мақсад-манзиллари аниқ белгиланган. Улар давлатимиз томонидан яратилган шарт-шароитлардан унумли фойдаланган ҳолда спорт тўгаракларидаги машғулотларини давом эттиришадики, келгусида чемпионлик довонларини забт этишда бу муҳим саналади. Бугун мактабларда янграган “Сўнгги қўнғироқ” эса уларни янги зафарли манзилларга кузатиш жаранги бўлиб қолсин.
Т.Рўзиев, ЎзА