Мамлакатимизнинг барча умумтаълим мактаблари ва академик лицейларда “Илмни қадрланг, илмга интилинг” шиори остида “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари бўлиб ўтди.
Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов ҳам Навоий шаҳридаги ихтисослаштирилган мактабда бўлиб, етуклик шаҳодатномасини қўлга олиб, мустақил ҳаётга қадам қўяётган битирувчиларни табриклади.
Айни пайтда вилоятда 364 та умумтаълим мактаби, 6 та ихтисослаштирилган таълим муассасаси ҳамда 1 та Президент мактаби фаолият юритмоқда. Ушбу таълим муассасаларидаги 185 минг 815 нафар ўқувчига 20 минг 964 нафар педагог таълим-тарбия бермоқда. Жорий ўқув йилида 11-синфни 10 минг 825 нафар ҳамда 9-синфни 17 минг 410 нафар ўқувчи тамомлаяпти. Битирувчиларнинг 575 нафари олтин, 44 нафари эса кумуш медалига давогарлик қилмоқда.
[gallery-12040]
Айни пайтгача 11-синф битирувчиларининг 206 нафари муддатидан олдин юртимиз ва хорижий олий таълим мусассасалари талабаси бўлди.
Навоий шаҳридаги 8-сонли ахборот технологияларига ихтисослаштирилган мактаб нафақат шаҳарда, балки вилоятда ҳам ўз ўрнига эга бўлган таълим масканларидан бири ҳисобланади.
– Мактабимизда жорий ўқув йилида 4,5 мингга яқин нафар ўғил-қиз таҳсил олиб, уларга 272 нафар малакали устоз-мураббийлар замонавий таълим андозалари асосида, кўргазмали қурол ва инновацион технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда дарс бермоқда, – дейди мактаб директори Фозилжон Бўриев. – Юртимизда замонавий билим масканларида жонкуярлик ва фидойилик кўрсатаётган ўқитувчи ва мураббийларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш бўйича ўзига хос янги тизим жорий этилганлиги ҳар бир ўқитувчидан катта масъулият талаб этмоқда. Улар ўз устида тинимсиз ишлаб, янгиликлардан мунтазам равишда хабардор бўлиб боришмоқда, дарс жараёнларига янги педагогик услубларни жорий этиш йўлида изланмоқда. Бу йил мактабимизни 237 нафар ўқувчи тамомлаётган бўлса, ҳали ўқув йили якунланмасдан 18 нафар ўқувчимиз талаба деган номга сазовор бўлди.
– Бугунги кунда юртимизда ёшларга яратиб берилаётган имкониятлар, таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда, – дейди мактабнинг 11-синф ўқувчиси Фозилбек Сафаров. – Бунинг натижаси ўлароқ, ёшларимиз ўз билимларини намойиш қилган ҳолда муддатидан аввал турли хорижий давлатлар университетлари талабаси деган номга сазовор бўлаётир. Мен ҳам ёшларга яратилаётган имкониятлардан фойдаланиб, бир вақтнинг ўзида АҚШ, Европа, Жанубий Корея ва Ўзбекистоннинг 12 та олийгоҳи талабалигига қабул қилиндим ва 382 минг АҚШ доллари миқдоридаги грант соҳибига айландим. Шунингдек, математика ва инглиз тили фанлари бўйича 1070 балл тўплаб, халқаро SAT сертификатини ҳам қўлга киритдим ва халқаро олий таълим муассасаларига имтиёзли ўқишга кириш ҳуқуқига эга бўлдим.
“Сўнгги қўнғироқ” тадбирларида битирувчи ёшларнинг ота-оналари ва устозларига “Ташаккурнома”лар топширилди.
Абдували Бўриев,
Сирож Аслонов (сурат), ЎзА