Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сўнгги пушаймон: “Умримнинг айни кучга тўлган 21 йили қамоқда ўтди”
14:15 / 2021-12-08

Бағрикенглик, инсонпарварлик ва эҳтиром.

Халқимизга хос азалий фазилатлар Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллиги муносабати билан қабул қилинган афв этиш ҳақидаги фармонда ўзининг ёрқин ифодасини топди.

Мазкур ҳужжатга асосан содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 182 нафар афв этилган шахслар қаторида Наманган вилоятидан 4 киши байрам арафасида ўз оиласи, яқинлари бағрига қайтди.


Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов бошчилигида сектор раҳбарлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари мутасаддилари афв этилган фуқаролар билан учрашди. Уларнинг уй-жой, иш билан таъминлаш, саломатлик каби муаммолари, келгусидаги мақсад-режалари бирма-бир эшитилди. Айтилган масалаларда зарур амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.


Вилоят раҳбари мулоқот чоғида афв этилганларга юртимизда инсонпарварлик ва бағрикенглик тамойили, инсон қадри барча нарсадан устувор эканлигини таъкидлади. Элимизга хос кечиримлиликни амалда намоён этган Президентимизнинг ишончини оқлаб, жамиятда ўз ўрнини топиши, ислоҳотлар ва янгиланишларнинг фаол иштирокчиси бўлиши зарурлигини билдирди.


Чортоқ туманидаги Алишер Навоий маҳалласидан Шуҳрат Абдураҳмонов талабалик кезларида ёт ғояларнинг таъсирига берилиб, тўғри йўлдан адашди. Бунинг оқибатида эса ёшликнинг беғубор дамларини панжара ортида ўтказди. 42 ёшга тўлган собиқ маҳкум ўтган давр мобайнида қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлди. Авф этилиб, Конституция байрамини оиласида қарши олди.


– Тошкент электротехника алоқа институтининг менежмент йўналишида таҳсил олаётгандим. Ота-онамнинг мендан умидлари катта эди. Қабиҳ ниятли кимсаларнинг “диний” оқимлари таъсирига тушиб, қаттиқ адашдим, – дейди биз билан суҳбатда Шуҳрат Абдураҳмонов. – Умримнинг айни кучга тўлган 21 йилини қамоқда ўтказдим. Бу кўрган-кечирган кунларимни ҳеч кимга раво кўрмайман. Бундан аввалги вақтлар бўлганида қамоқдан чиқишни хаёлимга ҳам келтира олмасдим. Президентимиздан беҳад миннатдорман. Тикувчиликка лаёқатим борлиги учун менга туманимизда жойлашган “ЎзТекс” ишлаб чиқариш корхонасида ишлаш учун йўлланма беришди. Ойлик иш ҳақи, шароитлари яхши экан. Энди буёғига ҳалол меҳнат қилиб, ота-онамнинг дуоларини олиш учун астойдил интиламан.


Наманган шаҳрининг Ҳақиқат маҳалласидаги кўп қаватли уйлардан бирида истиқомат қилувчи Азизахон Жўрабоева анча йиллардан бери савдо-сотиқ билан шуғулланарди. Тижорат сафари мақсадида Туркияга жўнаш аввалида дорифурушлар макрига учиб, хатоликка йўл қўйди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси билан 2 йиллик озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. У ҳам давлатимиз раҳбарининг инсонпарварлик сиёсати натижасида белгиланган жазо муддатидан тўрт ой илгари афв қилиниб, яқинлари бағрига қайтди.


– Панжара ортида камчиликларимни тушуниб етиб, кўпгина ҳаётий сабоқлар чиқардим. Айниқса, аёл кишининг ўрни энг аввало, ўз оиласида ва жамиятнинг фаол қатламларида эканлигини юракдан ҳис қилдим, – дейди Азизахон Жўрабоева. – Конституция байрамини уйингизда нишонлайсиз, сиз Юртбошимиз томонидан афв этилдингиз, деган хушхубарни етказишганида кўзларимга севинч ёшлари келди. Илгари қамоқдан қайтганларга деярли эътибор қаратилмасди. Уйга қайтаётганимда яқинларим билан бирга маҳалламиз раиси ҳам кутиб олди.

 Йиғин томонидан “Аёллар дафтари”га киритишди. Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази кўмагида “Мономарказ”да тикувчилик бўйича ўқув курсида ўқийдиган бўлдим. Малакамни оширганимдан кейин менга чеварчилик учун зарур дастгоҳларни харид қилиш учун субсидия асосида 7 миллион сўм маблағ ажратилишини эшитиб, беҳад хурсанд бўлдим.

Учрашув давомида тегишли мутасаддиларга афв этилганларни ижтимоий мослаштириш, моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш ва бандлигини таъминлаш сингари ҳаётий масалаларда амалий ёрдам бериш юзасидан аниқ кўрсатмалар берилиб, ижроси қаттиқ назоратга олинди. Вилоят ҳокимлиги томонидан афв этилганларга электр печлари туҳфа қилинди.


Афв қилинган ҳамюртларимизни фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак беришга қаратилган чора-тадбирлар тизимли  равишда давом эттирилади.


Оқилхон Дадабоев, 
ЎзА