Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сўнгги пушаймон– ўзингга душман
16:36 / 2025-08-11

Бугун юртимизда гиёҳвандлик воситаларини сақлаш ва ўтказиш ҳаракатларининг салбий оқибатлари ҳақида мунтазам профилактик тарғибот ва тушунтириш ишларига қарамасдан, афсуски, бу турдаги жиноятлар учраб турибди.

Қашқадарё вилояти Китоб тумани ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ўтказилаётган наркотик ҳамда психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда сақлаш, экиш, етиштириш, ўтказиш билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш тезкор профилактик тадбирлари давомида мана шундай жиноятлардан бири фош этилди.  

– Айни пайтда юртимизда ўтказилаётган “Қорадори-2025” профилактик ишларини амалга ошириш доирасида Китоб туманида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида туманнинг Гулистон маҳалласидаги кўп қаватли уйда яшовчи фуқаро ўз яшаш уйида кийим жавондаги кийимлар орасида гашиш ва марихуанна гиёҳвандлик воситасини сақлаб келаётгани аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди, – дейди  терговчи Акбаршоҳ Нормуродов. – Ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан жиноят кодексининг 276-моддаси иккинччи қисми а-банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Фуқарога нисбатан гаров тарздаги эҳтиёт чораси қўлланилган.  

Гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилишини билдирган айбланувчи ушбу заҳри қотилни яшаш хонадонида етиштирганини айтаркан, уруғни анча йиллар аввал танишларидан олганини маълум қилди.  

–Ҳаммаси ота-онамнинг гапига кирмаганимдан бошланди, – дейди айбланувчи. – Пойтахтга ишлагани кетдим. У ерда ёмон йўлларга юрадиган болаларга қўшилдим. Шунда чекишни ўргандим. Кейин Россияга кетдим. У ерда ҳам истеъмол қилдим. У ёқда етти йил ишлаб келдим. Чекишга ўрганиб қолдим. Россиядан қайтгач хумори яна тутди. Илгари бекободлик танишларим билан истеъмол қилганимда уруғини олгандим. Ўшани уйга яшириб кетгандим. Уруғини топиб, тувакка экдим. Униб чиқди. Охири мана шундай тугашини билардим. Лекин хумор устун келди. Жуда афсусдаман. Ёшларга маслаҳатим ҳеч қачон бу йўлга кирманг. Ота-онанинг тарбиясидан чиқманглар. Ота-онанинг бағрида ўтирганга етмайди ҳеч нарса. Қилган ишимдан пушайман.

Ўтказилган тадбир давомида фуқаронинг яшаш хонадонида 43,6 грам марихуана, 10,9 грам гашиш гиёҳвандлик воситалари сақлаб келинаётгани аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди. 

Жиноятнинг ҳар қандай кўринишига қарши жазо муқаррар экан, таваккалга қўл уришнинг якуни шундай тугаши айни ҳақиқат. Зеро, сўнгги пушаймон–ўзингга душман, деган ибора бежиз айтилмаган.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири