Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сўнгги пушаймон – ўзингга душман
17:30 / 2021-05-21

Жамиятда шундай инсонлар борки тўғри йўл қолиб қинғир йўлдан юришга, жиноий иллатларни касб қилиб тезда моддий бойлик орттиришга ҳаракат қилади. Натижада айни ёшлик пайтини, энг қимматли вақтини панжара ортида ўтказишга маҳкум бўлади. Ҳар қандай жиноятга қонуний жазо муқаррар эканлиги қанча такрорланмасин айрим одамлар бунга парво қилмайди, қўлига кишан солингандагина пушаймонлигини таъкидлашди.

Ҳали 30 ёшли, билаги бақувват, устига устак олий маълумотли Шерзод(исми ўзгартирилган) бирор жойда ишлашни ўзига эп кўрмади. Аммо, оилани тўкис, рўзғорни бут қилиш керак эдида. У ишга жойлашишдан кўра, тезроқ катта миқдорда пул топишни ўйларди. Ўйлаган режалари уни дастлабки жиноят иши фирибгарликка етаклади.

Шерзод фирибгарликнинг энг оммалашган тури пул эвазига университетга киритишни танлади. Одамларимиз ҳам соддада «ўлжа» ўйлаганидан ҳам тезроқ топилди. 2020 йил 11 июль куни Урганч шаҳар, «Гурлан» кўчасида жойлашган кафе рўпарасида жабрланувчи У. Қодиров билан учрашиб, ўғлини Урганч Давлат университетининг «Жисмоний маданият» факультетига давлат бюджети асосида ўқишга 1000 АҚШ доллари эвазига киритишига ишонтириб, айтилган пулни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Шерзодга осонгина топилган пул ёққан шекилли, энди ўйлаб юрган каттароқ ва қалтис режасини амалга оширишга киришди. Бу галги нишон АТ «Халқ банки» Хоразм филиали амалиёт бўлими қошидаги «Тинчлик» банк хизматлари маркази эди. У марказга мижоз сифатида доимий боргани ва ходимларга ҳам таниш бўлиб қолгани учун ишда қийинчиликка учрамади.

2020 йил 30 октябрь куни соат 10:30 ларда Урганч шаҳар, «Жиззах» кўчаси, 4/1-уйда жойлашган «Тинчлик» банк хизматлари маркази биноси ёнига бориб, марказ бошлиғига қўнғироқ қилиб, ўзини банк соҳаси бўйича ДХХ вилоят бошқармаси масъул ходим деб таништириб, жиноий ҳаракатлари ошкор бўлиб қолмаслиги учун Хоразм вилоят шевасига хос бўлмаган шевада гапириб, бирга ишловчи шериги билан тезда ДХХ вилоят бошқармаси биноси олдига келишини айтади.

Улар марказ биносидан чиқиб кетишганидан сўнг, марказга мижоз сифатида кириб, ғазначи И. Валижонованинг(исм-шарифи ўзгартирилган) ёлғиз қолганидан фойдаланиб, ғазна хонага бостириб кириб, И. Валижоновага ҳужум қилиб, бўйнидан бўғиб, бошини темир сейфга уриб тан жароҳатлари етказади. Кейин банк марказидаги қиймати – 218 миллион 469 минг 149 сўмлик 21 минг 088 АҚШ доллари ва 20 миллион 847 минг 565 сўм пулларини ҳамда И. Валижонованинг қиймати – 2 миллион 200 минг сўмлик “Samsung” русумли телефон аппаратини қўлга киритиб, жами 241 миллион 516 минг 714 сўм пулларни босқинчилик йўли билан эгаллаб, ҳодиса содир бўлган жойдан яширинган.

Ҳар доимгидек жиноятга охирги нуқта судда қўйилди. 2021 йил 9 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судида кўриб чиқилган ишда барча далиллар ўрганилиб, томонларнинг кўрсатмаси эшитилиб, Шерзодга Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 164-моддаси 4-қисми «а» банди, 57-моддаси, 168-моддаси 1-қисми, 28, 211-моддаси 1-қисми, 59, 61-моддалари тартибида узил-кесил 11 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Маҳкум қўлига кишан солингач қилган ишидан пушаймонлигини таъкидлади. Унинг пушаймонлиги эса қилган жиноятини оқлай олмаслигини ўзи ҳам яхши биларди. Шунга қарамай ўз ҳуқуқидан фойдаланиб, биринчи инстанция суди томонидан оғир жазо тайинланганини билдириб, айбига иқрорлигини, қилмишидан пушаймонлигини, оилавий аҳволини инобатга олиб, тайинланган жазони енгиллатишни сўраб Хоразм вилоят судига апелляция тартибида мурожаат қилди.

Хоразм вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан Шерзоднинг айби шу иш бўйича жабрланувчи, фуқаровий даъвогар вакили, гувоҳларнинг кўрсатувлари, ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш баённомаси ва унга илова қилинган фотосуратлар, суд-дактилоскопик экспертиза хулосаси, суд-тиббий экспертиза хулосаси, ашёвий далилни олиш далолатномаси, кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш баённомаси ва унга илова қилинган фотосуратлар, диск, тилхат ҳамда ишдаги мавжуд бошқа далиллар йиғиндиси билан исботланганлиги кўриб чиқилди.

Биринчи инстанция суди томонидан Шерзоднинг ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 164-моддаси 4-қисми «а» банди, 168-моддаси 1-қисми ва 28, 211-моддаси 1-қисми билан тўғри квалификация қилинган деб ҳисобланди.

Шунингдек, Хоразм вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати биринчи инстанция суди Шерзодга нисбатан жазо тайинлашда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги 1-сонли «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги қарори талабларидан келиб чиқиб, ишдаги аниқланган енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи барча ҳолатларни инобатга олиб, қонуний ва адолатли жазо тайинлаган деган хулоса қилди.

Судлов ҳайъати ажримида Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 497(26), 497(31)-моддаларини қўллаб, Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судининг 2021 йил 9 февралдаги Шерзодга оид ҳукми ўзгаришсиз, келтирилган шикоят қаноатлантирилмасдан қолдирилиши белгиланди.

Сардор Тоганов,
Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси.

Бунёдбек Ҳусинов,
Хоразм вилоят судининг жамоатчилик ва
ОАВ билан алоқалар бўйича бош консультанти.