Миллий санъатимизнинг жонкуяр фидойиси Бахтиёр Сайфуллаев яхшиликнинг қадрига етадиган, қалби пок, барчага бирдек самимий муносабатда бўлган инсон эди. Энг асосийси, устоз ижодкор ўз халқига, юртига, санъатимизга умр бўйи содиқ қолди, умрини бахшида этди.
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, Қорақалпоғистон Республикаси санъат арбоби, профессор Бахтиёр Сайфуллаевнинг ёрқин хотирасига бағишланган “Бахтиёр Сайфуллаев. Сўнгги нафасгача” деб номланган ҳужжатли фильмнинг намойиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг устоз билан узоқ йиллар биргаликда фаолият юритган профессор-ўқитувчилари, шунингдек, талабалар иштирок этди.
“Бахтиёр Сайфуллаев. Сўнгги нафасгача“ фильми республикамиз ҳудудларида ҳамда Москва, Санкт-Петербург ва Бишкек каби хорижий шаҳарларда суратга олинди. Натижада жуда улкан материал йиғилгани боис фильмда қаҳрамоннинг инсоний фазилатлари, ватанпарварлиги, юртига садоқатини намоён этишга алоҳида урғу берилган.
Тадбирда таъкидланганидек, Бахтиёр Сайфуллаев деганда кўз ўнгимизда фидойи ва меҳрибон устоз, ўзбек санъатининг ривожига улкан ҳисса қўшган жонкуяр инсон гавдаланади.
Бугун юртимизда санъат ва маданият соҳасида меҳнат қилаётган ҳар бир ходим, ўз ижоди билан халқимизга хизмат қилиб келаётган ҳар бир санъаткор қай бир маънода Бахтиёр Сайфуллаевнинг шогирди, десак асло муболаға бўлмайди.
Хусусан, устознинг Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори сифатида олиб борган узоқ йиллик фаолияти, ушбу даврда институтда рўй берган ижобий ўзгаришлар, илмий-ижодий ютуқларга ҳам фильмда алоҳида ўрин берилган.
Зеро, 2012 йилда ташкил этилган Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига айнан Бахтиёр Сайфуллаев илк ректор сифатида тайинланган ҳамда 2017 йил Ўзбекистон Республикаси маданият вазири этиб тайинлангунига қадар ушбу олийгоҳни бошқарган эди.
Мазкур ҳужжатли фильм Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги, Ўзбекистон Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази томонидан ҳамда “Пойтахт“ радиоси ҳамкорлигида суратга олинди.
Фильм бош продюсери – Фирдавс Aбдухолиқов, сценарий муаллифи – Aзизбек Турдиев, режиссёр – Муроджон Одилов, оператор – Одил Қосимов, бадиий раҳбар – Шуҳрат Ризаев.
Давлат ва жамоат арбоби сифатида Бахтиёр Сайфуллаев ҳаётлик чоғида янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга фаол ҳисса қўшди.
Ўзларининг таъбири билан айтганда, ислоҳотларнинг ҳар бир маҳаллага, ҳар бир оилага кириб бориши учун юртбошимизга камарбаста бўлди.
Н.Усмонова,
ЎзА