Бугун АОКАда ўтказилган брифингда лифтларнинг хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, қабул қилинаётган ҳужжатлар мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди.
Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Рауфжон Расулов қайд этганидек, Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Лифтларнинг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида”, “Лифтларни техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” ҳамда “Мувофиқликни баҳолаш органларини тайинлаш (нотификация қилиш)тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорлар қабул қилинди.
Ушбу ҳужжатлар билан лифтларни лойиҳалаш, ўрнатиш ва ундан хавфсиз фойдаланишда иқтисодий операторларнинг масъулияти ва жавобгарлигини белгилаш, “бозор назорати” тизимини жорий этиш ҳамда лифтлар мувофиқлигини тасдиқлаш “модуль” тизими асосида ўтказилиши ва маҳсулот хавфидан келиб чиқиб уни тизимли ва босқичли баҳолаб бориш механизмлари тартибга солинмоқда. Шунингдек, лифтларнинг мувофиқлигини баҳолашда эскирган техник талаблардан воз кечилиб, халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган баҳолаш тизими яратилмоқда.
Ушбу қарорларда, лифт ва лифт хавфсизлик қурилмаларини лойиҳалашдан бошлаб, ўрнатиш ва ундан хавфсиз фойдаланишда иқтисодий операторларнинг (ишлаб чиқарувчи, ўрнатувчи, ваколатли вакил, импорт қилувчи ва дистрибьютор) масъулияти ва жавобгарлиги белгиланмоқда.
– Охирги йилларда лифт сифати ва хавфсизлиги билан боғлиқ 4 та бахтсиз ҳодиса юз берди (3 та Хитойдан ва 1 та Туркиядан импорт қилинган лифтларда), – деди Рауфжон Расулов. – Бунга бир қанча омиллар боғлиқ бўлиб, амалдаги қонунчилик билан лифтларни ўрнатиш, мувофиқлигини баҳолаш, ўрнатилган лифтларнинг техник кўриклари ва сервис хизматини амалга ошириш ҳамда бозор иштирокчиларига талаблар белгиланмаган эди. Бундан ташқари, сўнгги 2 йилдаги таҳлиллар республикада ўрнатилган 11,4 мингта лифтларнинг 8,9 мингтаси (78 фоиз) техник синовдан ўтказилмагани, 6 мингтаси (52 фоиз) техник паспорти мавжуд эмаслиги ҳамда 7,4 мингтасида (65 фоиз) техник хизмат кўрсатувчи мавжуд эмаслигини кўрсатди.
Лифтларнинг хавфсизлигини таъминлаш соҳасини тартибга солиш мақсадида ушбу соҳада самарали тизимни жорий этган Европа Иттифоқи ва Туркия тажрибаси асосида Ўзбекистонда халқаро талабларга тўлиқ мувофиқ бўлган ва лифтларнинг бутун ҳаёт цикли, лойиҳалашдан тортиб утилизациясигача бўлган босқичларда хавфсизликни таъминлашга қаратилган бутунлай янгича тизим жорий қилинмоқда.
Амалда республикамизда ўрнатилган лифтларда сервис хизматлари ҳамда техник кўрикларини ўтказиш самарасиз бўлган. Ривожланган илғор мамлакатларнинг (Туркия, Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари) самара бериб келаётган бой тажрибасига асосланган ҳолда биноларга ўрнатилган лифтларнинг сервис ва техник кўрикдан ўтказиш бўйича янги амалиёт жорий этилмоқда.
Лифтларга нисбатан хавфсизлик талаблари тўлиқ халқаро стандартларга асосланмоқда. Уларнинг мувофиқлигини баҳолаш “модуль” тизими асосида тайинланган (нотификация қилинган) идора томонидан амалга оширилиши ҳамда “миллий мувофиқлик белгиси” билан тамғалаш амалиёти жорий этилиши назарда тутилган.
Ҳуқуқий эксперимент тариқасида “бозор назорати” тизимини жорий этиш назарда тутилиб, бундай тизим ривожланган давлатларда нафақат лифтлардан хавфсиз фойдаланишни таъминлаш, балки лифтларни экспорт қилишда ҳам самара бермоқда.
– Жорий этилаётган янги амалиётлар натижасида лифтлардан фойдаланувчилар ва жамиятда ҳаёт сифати яхшиланиб, бахтсиз ҳодисаларнинг олди олинишига эришилади, – деди Рауфжон Расулов. –Ушбу қабул қилинган қарорлар билан, Ўзбекистонда халқаро тажрибага асосланган мутлақо янги амалиёт жорий қилиниши натижасида аҳоли ва жамоатчиликнинг лифтлардан хавфсиз фойдаланиши таъминланади. Эндиликда, лифтларни техник кўрикларини амалга оширувчи ташкилотлар ISO/IEC 17020 халқаро стандартига мувофиқ бўлиши ҳамда белгиланган тартибда аккредитациядан ўтган ҳолда бино ва иншоотларда ўрнатилган лифтлар “дастлабки” ва ҳар 12 ойда “даврий” техник кўрикдан ўтказилиши йўлга қўйилади.
Лифтларни техник ҳолатига қараб хавфларга ажратиш ҳамда уларни “яшил”, “кўк”, “сариқ” ва “қизил” ранг билан ёрлиқлаш ёрдамида аҳоли ва жамоатчиликнинг хабардорлигини ошириш ва хавфсиз фойдаланишни назорат қилиш имконияти яратилади. Аҳоли ва кенг жамоатчилик, ушбу ўрнатилган ёрлиқлар ёрдамида носоз ёки хавфли лифтларни осон аниқлаб олишлари, зарур ҳолларда ваколатли назорат органларига хабар беришлари мумкин бўлади.
Дарҳақиқат, Ўзбекистонда халқаро тажрибага асосланган мутлақо ва тубдан ўзгартирилган янги амалиёт жорий қилиниши нафақат лифт ва ундан фойдаланишда, балки келгусида ушбу тизим асосида бошқа турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш, лойиҳалаш ва мувофиқлигини баҳолаш ва назорат қилиш механизмларини босқичма-босқич жорий этишдаги илк қадамлар ҳисобланади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА