Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сўнгги 5 йилда Ўзбекистонда Покистон корхоналари сони 6 баробар кўпайди
08:36 / 2022-02-23

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов бошчилигидаги делегация аъзолари Исломобод шаҳрида Покистоннинг етакчи компаниялари вакиллари билан давра суҳбатида иштирок этди. Покистон томонидан тадбирда Бош вазирнинг савдо ва инвестиция масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдул Раззоқ Довуд қатнашди.

Тадбир Ўзбекистон ва Покистон ишбилармон доираларининг ўзаро яқинлашиши ҳисобига Покистон бизнеси билан муштарак манфаатларнинг янги кесишмаларини аниқлашга ва икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг энг истиқболли йўналишларини белгилашга қаратилган тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш имконини яратди.

Истиқболли тармоқларда ҳамкорликни кенгайтиришга бўлган қизиқиш ҳар икки томондан тобора ортаётгани, шунингдек, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур шарт-шароит яратилгани қайд этилди. Ушбу шароитлар бир томондан Покистон компанияларининг саноат ва технологик жиҳатдан юқори даражадаги ривожлангани, иккинчи томондан Ўзбекистонда иқтисодий салоҳият, улкан истеъмол бозори мавжудлиги, шунингдек, мамлакатда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай муҳит ҳисобига шаклланган. Шу билан бирга Ўзбекистон ҳудудидан нафақат МДҲ мамлакатлари бозорларига, балки 2021 йилда Европа Иттифоқининг “GSP+” Преференциялар бош тизими бенефициар мақомини олган мамлакат сифатида, Европага ҳам тўғридан-тўғри экспорт қилиш имкони борлиги таъкидланди. Шунинг ҳисобига, Ўзбекистонда покистонлик сармоядорлар иштирокидаги корхоналар сони сўнгги 5 йил ичида қарийб 6 баробар кўпайди. Ишбилармон доиралар кимё, тўқимачилик, фармацевтика ва бошқа соҳаларда муваффақиятли иш олиб бормоқда.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари Ҳукуматнинг бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, хусусий капитални ҳуқуқий ҳимоя қилиш механизмларини мустаҳкамлаш ҳамда мамлакат ҳудудлари ва тармоқларининг инвестициявий ва саноат салоҳиятини ривожлантиришни рағбатлантиришга қаратилган изчил ишлар давом эттирилишини маълум қилди. Бу Покистон ишбилармон доираларининг Ўзбекистон бозорида иштирокини кенгайтиришга ёрдам беради.
Суҳбатда қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, енгил саноат, фармацевтика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, электротехника каби соҳаларда инвестициявий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини янада ривожлантириш учун кенг имконият, фойдаланилмаган захира очиб берилди.

Ўзбекистон томони, шунингдек, покистонлик тадбиркорларни мамлакатимизда лойиҳаларни амалга оширишда юзага келадиган барча масалаларни ҳал этишда ҳукумат уларни тизимли ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини айтди.

Покистон томони вакиллари ўз бизнеси ва ишлаб чиқариши хусусиятлари ҳақида сўзлаб бердилар. Ўзбек тадбиркорлари билан саноат кооперацияси ва савдо муносабатини йўлга қўйиш истиқболи ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
Давра суҳбати якунида бир қатор покистонлик тадбиркорлар саноат ва инвестициявий салоҳиятни ўрганиш ҳамда келгусидаги ҳамкорликнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилиш учун Ўзбекистонга ташриф ташкил этишга қизиқиш билдирди.
 

ЎзА