Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг бизнес ғояларини амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашиш борасида қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Ҳудудларда оилаларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, уларнинг барқарор ва қўшимча даромад манбаига эга бўлиши, миллий ҳунармандчиликни янада ривожланиши, хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширилиши, ёш тадбиркорларнинг истиқболли ғоялари ва лойиҳалари рўёбга чиқишига эътибор қаратилиб, шу асосда аҳолининг бандлиги таъминланишига замин яратилмоқда.
Марказий банк берган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида сўнгги 4 йил давомида жами 24,3 триллион сўмдан кўп имтиёзли кредитлар ажратилган. Бунинг натижасида 983 мингдан зиёд оилаларнинг тадбиркорлиги йўлга қўйилган. Энг муҳими даромад топишга қаратилган фаолият билан шуғулланишига эришилди. Бошқача қилиб айтганда, республика бўйича ўрта ҳисобда ҳар минг хонадоннинг 110 таси ушбу дастурлар доирасида ўз тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўйди.
Ўтган йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 352 мингта лойиҳага жами 8,6 триллион сўмдан ортиқ имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Хусусан, ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 150 мингдан ортиқ лойиҳага 3,5 триллион сўм ва хотин-қизларнинг тадбиркорлик лойиҳаларини имтиёзли молиялаштириш мақсадида 206 мингта лойиҳага 3,8 триллион сўм кредитлар йўналтирилди.
Мамлакатимиз ҳудудларида аҳолининг даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланишига, оилавий тадбиркорлик ривожланишига ҳар томонлама кўмаклашиш ва мазкур йўналишдаги ишларни тизимли ташкил этиш мақсадида Президентимизнинг бир қатор фармон ва қарорлари қабул қилинган. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 20 декабрдаги “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан кредит маблағлари ҳудудларда оилавий тадбиркорлик, даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ва фаолият турини кенгайтириш истагини билдирган аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига – 3 ойдан 6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга имтиёзли кредитлар ажратилмоқда.
Хусусан, чорвачилик (қорамол, қўй, эчки), балиқчилик ва паррандачилик (тухум йўналиши) учун – 1 йилгача имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга, боғдорчилик, узумчилик ва лимончиликни ташкил этиш, иссиқхона, қишлоқ хўжалиги техникаси ва асбоб-ускуналарни харид қилиш учун – 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатгаимтиёзли кредитлар ажратилмоқда.
Шунингдек, “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларига ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлар ва хомашё материалларини харид қилиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари, “уста-шогирд” мактабларини ташкил этиш, уй музейи ва устахоналар қуриш ёки шу мақсадларда бино ва иншоотлар сотиб олиш учун – 3 йилгача муддатга ҳамда айланма маблағларини тўлдириш учун 18 ойгача муддатга кредит ажратилиши мумкин.
Бунда кредитлар маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчисининг (кейинги ўринларда – ҳоким ёрдамчиси) ўзига бириктирилган маҳаллада истиқомат қилаётган (жойлашган) қарз олувчига берадиган тавсияси асосида ваколатли тижорат банклари (Агробанк, Халқ банки ва Микрокредитбанк) томонидан Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларининг ягона электрон платформаси орқали ажратилади.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, қарз олувчиларга оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратилган кредит маблағлари бўйича мавжуд қарздорлик тўлиқ сўндирилмагунга қадар, шунингдек, аввал ажратилган кредитлардан мақсадсиз фойдаланган жисмоний шахслар ва тадбиркорлик субъектларига ушбу дастурлар орқали янги кредит маблағлари олишга рухсат берилмайди.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 10 ноябрдаги “Пахта хомашёсини етиштириш ва унинг йиғим-терим харажатларини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан тижорат банклари томонидан Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси ресурслари ҳисобидан имтиёзли кредитлар пахта хомашёсини етиштириш билан шуғулланувчи хўжаликларга қуйидаги келтирилган шартларда ажратилади.
Жумладан, пахта-тўқимачилик кластерларига пахта етиштириш учун - пахта хомашёси қийматининг 60 фоизигача миқдорда йиллик 10 фоиз ставкада 24 ойга кредит ажратилади. Шу жумладан 18 ойлик имтиёзли давр ва 19-ойдан бошлаб сўнгги 6 ой давомида тенг улушларда қайтариш шарти билан, уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги элита уруғчилик хўжаликларига пахта хомашёси етиштириш учун - пахта хомашёси қийматининг 60 фоизигача миқдорда йиллик 10 фоиз ставкада 14 ойга кредит ажратилган.
Шунингдек, пахта-тўқимачилик кластерлари ва Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги элита уруғчилик хўжаликларига пахта йиғим-теримини молиялаштириш учун - пахта хомашёси қийматининг 20 фоизигача миқдорда йиллик 10 фоиз ставкада 12 ойга, шу жумладан 3 ойлик имтиёзли давр билан ажратилади.
Президентининг 2021 йил 15 декабрдаги “Мева-сабзавотчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тармоқда кластер ва кооперация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан кредит маблағлари 2022 йил 1 январдан бошлаб Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тижорат банклари орқали ажратилмоқда.
Жумладан, фермер, деҳқон хўжаликлари ва бошқа маҳсулот етиштирувчиларга, мева, узум, сабзавот, картошка, полиз экинлари, кўкатлар ва доривор ўсимликлар, дуккакли ва мойли экинларни етиштириш учун ҳосил қийматининг 50 фоизигача йиллик 14 фоиз (шундан 2 фоизи банк маржаси) ставкада 6 ойлик имтиёзли давр билан 12 ой муддатга кредитлар ажратилиши белгиланган.
Шунингдек, мева-сабзавотларни қайта ишловчи, сақловчи ва экспорт қилувчиларга – етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилишга талаб этиладиган айланма маблағларни тўлдириш учун йиллик 14 фоиз (шундан 2 фоизи банк маржаси) ставкада 12 ойлик "револьвер" кредит ажратилади. Бунда, ушбу кредит ҳисобидан кластер ва кооперацияларнинг тижорат банкларидан олинган бошқа кредитларини сўндиришга йўл қўйилмайди.
Президентининг 2021 йил 5 августдаги “Маҳаллаларда тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорлик субъектлари билан аҳоли ўртасида кооперацияни ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан тижорат банклари томонидан кредитлар кооперация асосида кичик бизнесни ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш учун "оғир" маҳаллаларга бириктирилган "етакчи" тадбиркорлик субъектларига 3 йил муддатгача йиллик 10 фоиз ставкада битта маҳалла учун 2 миллиард сўмгача миқдорда ажратилади.
Шунингдек, "етакчи" тадбиркорлик субъектларига Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан кредит суммасининг 75 фоизи миқдоригача кафиллик берилади.
Бир сўз билан айтганда юқорида қабул қилинган ҳужжатлар асосида ажратилган имтиёзли кредитлар аҳолини иш билан таъминлаш, яхши даромад топишга хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА мухбири