English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сўнгги 3 йилда кибержиноятлар сони бир неча бараварга ошиб кетган
16:14 / 2022-06-17

Мамлакатимизда рақамли технологиялар ҳар бир соҳага кенг татбиқ этилмоқда. Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик марказининг маълум қилишича, ҳозирги кунда мамлакатимизда 25 миллион нафардан ортиқ интернет фойдаланувчилари бор.

Сўнгги 3 йилда кибержиноятлар сони бир неча бараварга ошиб кетган. Жумладан, кибержиноятчиликнинг бир қатор турлари содир бўлаётганлиги кузатилмоқда. Фирибгарлар пластик карта фойдаланувчиларига келган СМС-хабарномадаги кодларни тўловни амалга ошириш, ютуқни бериш каби баҳоналар орқали эгаллаб, ундаги маблағларни ўзлаштиришмоқда.

Қолаверса, шахсий маълумотларни эгаллаш ва уларни ошкор қилиш билан қўрқитиб товламачилик қилиш, ижтимоий тармоқда зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, ҳақорат, суицид ҳолатлари учраб турибди.

Хорижий давлатлар Туркия, Жанубий Корея, Бирлашган Араб Амирликлари тажрибаси ўрганилганда, аҳолида интернетдан фойдаланиш маданиятини шакллантириш орқали уларни эҳтимолий хавфлардан барвақт огоҳлантириш, бу – интернетдаги таҳдидларга қарши курашишдаги энг самарали усули эканлиги маълум бўлди.

Шу мақсадда, интернет тармоғида содир этилаётган жиноятларга қарши курашиш, уларнинг олдини олиш бўйича бевосита Ички ишлар вазирлиги томонидан биринчи навбатда фуқаролар ўртасида фаол тарғибот тадбирлари ўтказилиб келинмоқда.

Жумладан, аҳолини барча қатламини кибертаҳдидлардан барвақт огоҳлантириш ва интернет тармоғидаги содир этиладиган жиноятлар қурбонига айланиб қолмасликларини олдини олиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида комплекс тарғибот тадбирлари олиб борилди.

Тадбирларда қатнашган аҳоли вакилларидан тарғибот ишлари мазмуни, интернетдаги ҳуқуқбузарликлардан ўзларининг яқинларини ҳам огоҳлантириб боришлари тўғрисида тушунтирилди.

Тарғибот тадбирлари билан аҳолини янада кенгроқ қамраб олиш мақсадида ИИВ Киберхавфсизлик маркази томонидан «Кибер-ёрдамчи» платформаси ишлаб чиқилган.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА