Сирдарё вилояти Гулистон туманида қонунбузарликка йўл қўйган фуқарога нисбатан маъмурий чора кўрилди. Ғалладан бўшаган ердаги сомонпояларни қонунга хилоф равишда ёқиб юборган фуқаро Ж.А. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 88-моддаси 3-қисми асосида жавобгарликка тортилди. Унга нисбатан 1 миллион 125 минг сўм миқдорида маъмурий жарима белгиланди.
Бундан ташқари, мутахассислар томонидан атроф-муҳитга етказилган зарар иқтисодий баҳоланиб, унинг миқдори 8 миллион 224 минг 515 сўмни ташкил этди.
Экологик ҳуқуқбузарлик ҳолати Сирдарё вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасининг Гулистон тумани бўлими давлат инспекторлари томонидан ўтказилган навбатдаги назорат рейди давомида аниқланган.
Текширув жараёнида “Мустафоқул Қудратов орзуси” фермер хўжалигига қарашли “Бешбулоқ” сув истеъмолчилар уюшмаси ҳудудидаги майдонда сомонпоя қолдиқлари назоратсиз равишда ёқиб юборилгани маълум бўлди. Бундай ҳолат атмосфера ҳавоси, тупроқ таркиби ва табиий муҳитга сезиларли даражада зарар етказади.
– Экология соҳаси мутахассислари томонидан аҳолини бу каби ҳуқуқбузарликлардан огоҳлантириш, шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар ўртасида экологик маданиятни оширишга қаратилган профилактик тадбирлар изчил давом эттирилмоқда, – дейди Сирдарё вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси Гулистон тумани бўлими давлат инспектори Фазлиддин Тилабов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири