Сомон сотиб олмоқчи бўлганлар чув тушди
Сурхондарё вилоятининг Олтинсой тумани Жиндибулоқ маҳалласида яшовчи Даврон Исмадияров (исм-шарифлар ўзгартирилган) жорий йилнинг май-июль ойларида беш нафар маҳалладоши ва шу тумандаги Алижон Бўтаев номли, Бибизайнаб, Оқарбулоқ маҳаллаларида истиқомат қиладиган Фазлиддин Фаёзов, Асал Ачилова, Достон Дониёров, Шукрулло Шавкатовларга буғдой поясининг сомонини олиб беришни қуюқ ваъда қилиб, уларни чув туширган.
Вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизматидан хабар қилинишича, Д. Исмадияровнинг сохта ваъдаларига қўшни Шўрчи туманидаги Ибн Сино номли маҳаллада яшайдиган Ботир Бегалиев ҳам ишониб, сомон пояси олишга ажратиб қўйган пулини бериб юборган.
Ёз фаслини уйларига буғдой поясининг келишини кутиб ўтказган “буюртмачилар” куз келиши билан хавотирга тушиб, ҳуқуқ посбонларига мурожаат этган. Олиб борилган суриштирув ишлари чоғида Д. Исмадияров ўн кишининг 61 миллион 700 минг сўм пулини олиб кетгани аниқланиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА