Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сомон қолдиқларини ёқиш шартми?
16:59 / 2023-07-12

Далаларда ғалла ўрими ниҳоясига етди. Бўшаган майдонларни тозалаш ҳар доим машаққатли меҳнатни талаб этади. Айрим фуқаролар ва фермерлар томонидан далаларни тозалашда сомон қолдиқлари ва пояларини ёқиб юбориш ҳолатлари кўп учрамоқда.

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев вилоят фаоллари, қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари иштирокида ана шундай ҳолатларни муҳокама қилди. Тадбирда ерга беписанд муносабатда бўлган ҳар қандай шахснинг ери давлат тасарруфига ўтказилиши,  ерлар қайта онлайн аукционга қўйилиб самарали иш ташкил қиладиганларга берилиши, бу борада кўриладиган чоралар қатъий бўлиши таъкидланди.  

Оққўрғон туманидаги шу каби ҳолатлар қаттиқ танқид қилинди. Вилоят Экология бошқармаси масъул ходимлари томонидан 14 тумандаги 2 минг 500 дан ортиқ фермер ва кластер раҳбарларига даладаги қолдиқларни ёқмаслик бўйича расмий огоҳлантириш хатлари берилган. Жойларда 200 дан ортиқ баннерлар, 3 мингдан ортиқ тарқатма материаллар тегишли жойларга ўрнатилган. Афсуски, шунга қарамай ҳудудлардаги фермер хўжаликларининг 1 минг 156 гектар ер майдонларида 119 сомон қолдиқларини ёқиб юборилганлиги аниқланган. Мазкур ҳолатлар бўйича тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний чора кўриш учун суд органларига юборилган.  

Мутахассисларнинг фикрича, 1 гектар майдонда сомон ёқилганда атмосферага 500 грамм азот оксиди, 379 грамм углеводород, 3 килограмм кул, 20 килограмм ис гази ва углерод оксиди каби заҳарли газлар тарқалади. Оқибатда тирик организмларнинг нафас олиши қийинлашади ва турли касалликлар келиб чиқиши мумкин. Тупроқ структураси бузилиб, эрозия кучаяди ва ҳосилдорлик камайиши, жониворлар нобуд бўлиши, дала четидаги ўсимлик дунёсига зарар етиши мумкин.  

Фуқаролар экин экиш учун ерни бўшатиб, уни тезроқ ҳайдашга тайёрлаш кераклигини баҳона қилади. Улар ортиқча вақт ва харажатлардан тезроқ қутулиш йўлида бундай ҳаракатларни маъқул деб билмоқда. Шу ўринда савол туғилади. Ерни экишга тайёрлаш учун сомон қолдиқларини ёқиш шартми? Кўп жойларда сомон ва тўкилган бошоқлар йиғиб олингач, ерларга сув таралиб, экин экиладиган қаторлар юмшатилиши эвазига ердаги намлик сақланиб қолади. Бироқ бу жараёнларга жиддий қарамаётганларга қонуний чора кўрилмоқда.  

А.Мусаев, ЎзА