Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сўм мустаҳкамланмоқда, доллар нега арзонлашди?
16:49 / 2025-11-21

Марказий банк маълумотларига кўра, жорий йилнинг охирги ойларида миллий валюта — сўм долларга нисбатан мустаҳкамланиш фазасига ўтди. Ички валюта бозорида талаб ва таклиф мутаносиблиги яхшилангани, экспорт тушумлари ҳамда пул ўтказмалари ошгани миллий валюта барқарорлигига асосий туртки бўлди.

Марказий банкнинг 10 ойлик шарҳига кўра, чет эл валютасига бўлган талаб ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 24 фоизга ошган. Шу даврда таклиф 26 фоизга кўпайган.

Юридик шахслар томонидан амалга оширилган операцияларда талаб 24 фоиз, таклиф эса 38 фоизга ўсган. Бу кўрсаткичлар ички бозорда таклифнинг устун келаётганини кўрсатади.

Мазкур ҳолат сўмнинг барқарорлиги ва мустаҳкамланишида муҳим омил бўлди. Жорий йилда (олтинсиз) экспорт тушумлари 14,5 миллиард долларга етди. Шундан 8,1 миллиард доллари ички валюта бозорида сотилди.

Экспорт тушумларининг кўпайиши валюта таклифини сезиларли ошириб, бозорда доллар ликвидлигини кучайтирди. Мутахассислар фикрича, бу сўм мустаҳкамланишига салмоқли таъсир кўрсатган омиллардан бири ҳисобланади.

Аҳоли томонидан ялпи равишда валюта айирбошлаш жараёнлари фаоллашди. 10 ойда, 17,5 миллиард доллар банкларга сотилган. 9,7 миллиард доллар сотиб олинган.

Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 25 фоиз юқори. Аҳоли томонидан банкларга кўп миқдорда валюта сотилиши бозорда таклифни ошириб, доллар нархининг пасайишига таъсир қилди.

2025 йилнинг январь–октябрь ойларида Ўзбекистонга 15,8 миллиард доллар миқдорида пул ўтказмалари келиб тушди. Бу ўтган йилга нисбатан 25 фоиз кўп. Халқаро пул ўтказмалари ошиши валюта бозоридаги таклифнинг ўсишига олиб келди ва миллий валюта қадрини қўллаб-қувватлади.

Марказий банк маълумотларига кўра, 2025 йил январь–октябрь давомида сўм курси 7 фоизга мустаҳкамланди. Бунга қатор макроиқтисодий омиллар таъсир кўрсатган.

Бир сўз билан айтганда, ички валюта бозоридаги ижобий тенденциялар, экспорт тушумлари ва пул ўтказмалари динамикаси, шунингдек юридик ва жисмоний шахслар фаоллигининг ортиши сўмнинг долларга нисбатан мустаҳкамланишига асосий сабаб бўлди.

Марказий банкнинг тегишли шарҳига кўра, ички валюта бозоридаги барқарорлик сақланиб қолиши учун таклиф устунлиги муҳим роль ўйнамоқда.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА