Бухоро вилоятида “Маҳаллабай” тизимида 500 дан зиёд маҳаллаларда 246 нафар солиқ инспектори фаолият олиб бормоқда. Жорий йилнинг июнь ойида “Маҳаллаларда солиқ органлари фаолияти” ахборот тизимида вилоят солиқ инспекторларининг 40 нафари 90 дан юқори балл жамғарган ходимлар ой якуни бўйича мукофотлаш учун тавсия этилди.
Пешку туманидаги Янгиобод ва Қорақалпоқ маҳалласига бириктирилган солиқ инспектори Фаҳриддин Файзуллаев жорий йилнинг охирги уч ойида “Маҳаллаларда солиқ органлари фаолияти” ахборот тизимида 90 баллдан юқори кўрсатгични қўлга киритди.
Унинг иш самарадорлиги асосан, маҳалладаги имкониятларни ишга солиб, солиқ базасини кенгайтириш, норасмий тадбиркорлик фаолиятини қонунийлаштириш, ўзини ўзи банд қилганларга кичик бизнес тоифасига ўтишга кўмаклашиш ҳамда паст қувватда ишлаётган ва фаолиятини вақтинча тўхтатган субъектларга фаолиятини тиклаш ва кенгайтиришга яқиндан ёрдам бериш кўрсаткичлари билан баҳоланмоқда.

– Бундай натижага, солиқ тўловчиларга солиқ қонунчилигини ва қонуний фаолиятнинг афзалликларини ҳамда солиқ тўлаш мажбурият эмас, Конституциявий бурч эканлигини тушунтириш орқали эришяпман десам тўғри бўлади, – дейди Фаҳриддин Файзуллаев. – Маҳалладаги асосий вазифамиз кўпроқ тадбиркорлик субъекти вакиллари билан бирма-бир учрашиб, суҳбат ва мулоқотлар ўтказиш орқали уларга солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар, янгиликларни етказиш. Шунингдек, қонуний ишлашнинг афзалликлари, хусусан, ўз вақтида ҳисобот топшириш, истеъмолчиларга харид чеки бериш мажбуриятлари юзасидан тушунтиришлар берилади.
“Маҳаллабай” ахборот тизими орқали инспекторларнинг иш самарадорлигини назорат қилиш, уларнинг маҳаллардаги вазифаларини сифатли бажаришини таъминлаш мақсад қилинган. Бундай баҳолаш тизими ўз навбатида ходимларни муносиб рағбатлантириш ва шу орқали уларнинг иш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Эътиборлиси, бу каби чора-тадбирлар маҳалла солиқ инспекторларининг тадбиркорларга намунали солиқ хизматларини кўрсатиш, солиқ базасини кенгайтириш, солиқларни ундириш ва маҳалла бюджетининг даромадини оширишда ҳам муҳим омил бўлмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.