Солиқ тизимида янги институт “Маҳалла еттилиги” ташкил қилинган. Бу орқали жорий йилнинг 1 январидан бошлаб, маҳалла бюджетини шакллантириш ҳамда шаклланган маблағларни “маҳалла еттилиги”нинг кенгаш қарори орқали инфратузилмани яхшилашга йўналтириш белгиланган.
Айни пайтда Хоразм вилоятидаги 531 та маҳаллага 241 нафар солиқ хизмати ходимлари бириктирилган бўлиб, улар зиммасига норасмий тадбиркорлик фаолиятини қонунийлаштириш, ўзини-ўзи банд қилганларга кичик бизнес тоифасига ўтишга кўмаклашиш ҳамда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг фаолиятини кенгайтириш ва даромадларини ошириш ҳисобига солиқ базасини кўпайтириш юклатилган.

“Маҳалла еттилиги” институтининг шаклланиши орқали солиқ инспекторлари маҳалладаги ҳар бир солиқ тўловчи хонадонига кириб бормоқда. Тадбиркорлар билан билан учрашиб, унинг муаммосини ўрганмоқда. Солиқ соҳасидаги ўзгаришларни тушунтириш орқали эса яширин иқтисодиётнинг олди олинмоқда.
Хоразм вилояти солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектлари билан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида ўтган тўққиз ой давомида 2 минг 939 та корхонадаги 15 минг 440 нафар норасмий ишловчи фуқаролар фаолияти қонунийлаштирилиб, уларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланди.

Агар соҳалар кесимида олиб қаралганда, 534 та савдо ва умумий овқатланиш корхоналарида 1611, 179 та ишлаб чиқариш корхоналарида 1329, 39 та қурилиш корхоналарида 734 ҳамда 827 та қишлоқ хўжалиги соҳасида 4471, шунингдек, 1360 та хизмат кўрсатиш корхоналарида 7295 нафар фуқароларнинг фаолияти расмийлаштирилган.

– Айниқса, турли сабаблар билан фаолияти вақтинча тўхтаб қолган тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятини тиклаш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Хоразм вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Саидов. – Жумладан, ана шундай 4103 та корхонанинг фаолияти тикланди ва 4736 та қўшимча объектлар аниқланди. Бунинг натижасида 7,2 миллиард сўм қўшимча солиқ ундирилди. Қолаверса, хатлов натижаларига кўра, 7968 та ноқонуний фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар аниқланди ва янгидан рўйхатдан ўтказилди. Шу билан бирга 18 638 та деҳқон хўжаликлари ҳам рўйхатдан ўтказилди.
Бугунги кунда Хоразмда ҳам қўлида ҳунари бор ёки уйда якка тартибда маълум фаолият билан шуғулланиб келаётган фуқаролар талайгина. Уларнинг ўзини ўзи банд қилиши, иш стажига эга бўлиши учун солиқ хизмати органлари томонидан доимий кўмак кўрсатиб келинмоқда.
Жумладан, маҳалла еттилиги билан биргаликда яширин иқтисодиётни жиловлаш мақсадида вилоятда 105 минг 357 нафар фуқаролар ўзини ўзи банд қилиш тизими орқали рўйхатдан ўтказилди ва муайян фаолият турлари билан мунтазам равишда шуғулланиб келмоқда.

– Маҳаллабай тизимнинг яратилиши натижасида 21 миллиард 900 миллион сўм миқдорида қўшимча манба аниқланди, – дейди бошқарманинг “Жамоатчилик билан алоқалар” шўъбаси бошлиғи Ромон Атажонов. – Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида 154 миллиард 800 миллион сўм миқдоридаги жисмоний шахсларнинг турар жой объектлари бўйича солиқлар ундирилиши таъминланди. Натижада йиғилган сумманинг 10 фоизи яъни 15 миллиард 500 миллион сўм миқдоридаги маблағлар маҳалла бюджетига қолдирилди. Маҳаллаларга бириктирилган солиқ ходимларининг фаолияти самарадорлиги махсус KPI дастури орқали баҳоланади ва натижасига қараб рағбатлантирилади ҳамда паст кўрсаткичли ходимларга нисбатан интизомий чоралар кўрилади.
Дарҳақиқат, Хоразм воҳасида солиқ хизмати органлари ходимлари тадбиркорларнинг муаммоларини қонуний ҳал этиш, фаолиятлари давомида юзага келган барча тушунмовчиликларга ечим топишда доимий кўмак бериб келмоқда. Бу эса ўз навбатида солиқ тушумларининг ошишига ва давлат бюджетининг барқарор таъминланишига хизмат қилмоқда.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари.