Ўзбекистон Республикасининг тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган қонуни билан солиқ қонунчилигига қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Ушбу янгиликларни жойларда кенг тушунтириш мақсадида Қашқадарё вилояти солиқ бошқармасида 2026 йилдаги солиқ қонунчилигидаги ўзгаришларга бағишланган амалий семинар ташкил этилди.
Тадбирда Солиқ қўмитаси вакиллари, вилоят солиқ бошқармаси раҳбарияти, тадбиркорлар ҳамда ҳисобчилар иштирок этди. Семинар аввалида 2025 йилда намунавий фаолият юритиб, солиқ ва мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаган бир қатор тадбиркорлик субъектлари “Энг кўп солиқ тўлаган тадбиркорлик субъекти”, “Энг кўп иш ўринлари яратган тадбиркорлик субъекти”, “Энг интизомли солиқ тўловчи”, “Энг ёш тадбиркор” каби номинациялар билан тақдирланди.

– Бугун солиқ идоралари тадбиркорнинг яқин кўмакчисига айланган. Керакли маслаҳатларни доим олиб келяпмиз, – дейди ёш тадбиркор Руслан Исмоилов.

Семинарда солиқ қонунчилигидаги муҳим янгиликлар мутахассислар томонидан батафсил тушунтирилди. Хусусан, Президентнинг 2025 йил 10 декабрдаги фармонига мувофиқ, 2026 йил 1 апрелдан савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги барча юридик шахсларда ягона QR-кодли тўлов тизими жорий этилади. Шунингдек, давлат хизматлари, коммунал тўловлар, ёқилғи қуйиш шохобчалари ҳамда айрим товарлар учун тўловлар фақат банк карталари ёки электрон тизимлар орқали амалга оширилиши белгиланган.

Яна бир муҳим янгилик – солиқ ҳисоботларининг автомат шакллантирилиши. Жорий йилдан бошлаб мол-мулк, ер, ҚҚС, айланмадан олинадиган даромад ва ижтимоий солиқ бўйича ҳисоботлар солиқ органлари томонидан автоматик тайёрланади. Солиқ тўловчига уларни 5 кун ичида тузатиш ҳуқуқи берилади.

Шу билан бирга, ҳисоботларни ўз вақтида тақдим этмаганлик учун белгиланган маъмурий жарималар миқдори камайтирилди. Бу, айниқса, кичик тадбиркорлик субъектлари учун енгиллик яратади.
Солиқ қонунчилигидаги ушбу ўзгаришлар юртимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қилади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири