Хоразм вилоят солиқ бошқармасида ходимларнинг ота-оналари ва яқин қариндошлари билан учрашув ташкил этилди.
Тизимда эришилган барча юқори кўрсаткичлар, ютуқларда албатта ҳар бир ходимнинг ота-онаси, турмуш ўртоғи ва яқинларининг беқиёс ҳиссаси бор.
Шу сабабдан учрашувда давлат хизматчиси бўлиш нақадар шарафли ва масъулиятли эканлиги таъкидланиб, юртимизнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожи, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш йўлида хизмат қилаётган солиқ ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келаётган оила-аъзоларига миннатдорчилик билдирилди.
– Мен солиқ тизимида ўз фаолиятимни бошлаганимга икки йил бўлди, – дейди Шовот тумани инспекцияси солиқ инспектори Азизбек Сориев. – Менга туманимиздаги Арболар ва Истиқлол маҳаллалари бириктирилган бўлиб, кундалик фаолиятим давомида зиммамга юкланган йигирмадан ортиқ функционал вазифаларимни бажараман. Менинг хизмат фаолиятим “KPI тизими” орқали баҳолаб борилади. Шу тизим берган кўрсаткичга қараб меҳнат самарадорлигим белгиланади. Бундан ташқари, раҳбариятим ва оиламнинг менга бўлган ишончини оқлаш мақсадида сидқидилдан меҳнат қилишга, ўз вазифамни виждонан бажаришга ҳаракат қиламан.
Давра суҳбати давомида ўз касбига садоқат билан ёндашиб, ҳалол меҳнат қилаётган ходимларнинг ота-оналарига Хоразм вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи томонидан ташаккурномалар топширилди.
[gallery-26679]
–Менинг қизим Сурайё Қурбондурдиева олий маълумотга эга бўлгач, ўз мутахассислиги бўйича солиқ соҳасини танлади, – дейди боғотлик Муқаддас Бобожонова. –Ҳозир Боғот тумани солиқ инспекциясида хизмат фаолиятини олиб бормоқда. Давлатимиз бюджетини тўлдиришда, мамлакатимиз иқтисодиётини янада барқарорлаштиришда иштирок этаётганидан жуда хурсандман. Фарзандларимга доим халқ хизматида бўлишларини уқтираман. Давлат хизматчиси бўлиш инсондан катта масъулият, билим ва бардош талаб этади. Қизимнинг меҳнати учун менга ташаккурнома беришганидан жуда хурсандман.
Давра суҳбатида солиқ ходимлари ва уларнинг яқинларига давлат хизматчилари ўз мансаб ваколати ҳамда хизмат мавқеидан қонунга хилоф равишда фойдаланмаслик, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, коррупция ва таъмагирликнинг салбий оқибатлари ва жиноятга жазонинг муқаррарлиги тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/osNDRIFkBzA" title="Soliqchilarning yaqinlari boshqarmaga taklif etildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Беҳзод Саидов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари