Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида жойлашган “World trading company" корхонаси маҳаллий иқтисодиётга улкан ҳисса қўшиб келмоқда. 2020 йилдан буён фаолият олиб бораётган бу коррхонада 100 нафар ёш доимий ва барқарор даромад манбаига эга бўлди.
Бу ерда ишлаб чиқариладиган “Felix”, “Vertex” ва “X-Cool” номли антифриз маҳсулотлари нафақат маҳаллий бозорни таъминламоқда, балки Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон ва Туркия каби хорижий давлатларга ҳам муваффақиятли экспорт қилинмоқда. Бу эса корхонанинг юқори сифат ва ишончлилик мезонларига жавоб бераётганидан дарак беради.

Жиззах вилояти Солиқ бошқармаси бошлиғи Бобир Исмоилов корхона жамоаси билан учрашувда солиқ тизимидаги янгиликлар ва тадбиркорларга яратилган қулайликлар ҳақида сўзлаб берди:
— Биз ҳар бир тадбиркорнинг эҳтиёжларини чуқур ўрганамиз, муаммоларини тинглаймиз ва амалий ёрдам кўрсатамиз, — деди у. — Солиқ соҳасидаги янгиликлар бизнес учун янги имкониятларни очмоқда. Давлат ва тадбиркорлик ўртасида ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали иқтисодиётимиз барқарор ривожланиш йўлида илгариламоқда.

Унинг сўзлари тадбиркорлар учун давлатнинг яратган қулайликлари ва солиқ тизимининг соддалаштирилишига катта эътибор қаратилишини кўрсатади. Бу эса бизнес муҳитини яхшилашга, янги иш ўринлари яратишга ва иқтисодий фаровонликни таъминлашга хизмат қилади.
Дарҳақиқат, солиқ идоралари ва тадбиркорлар бирга ҳаракат қилишганда, нафақат алоҳида корхоналар, балки бутун жамият фаровонликка эришади.
А. Қаюмов, ЎзА мухбири