Тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга кенг имкониятлар яратиш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Соҳага оид қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар уларнинг фаолиятини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жойларда “Солиқчи – тадбиркорга кўмакчи” тамойили асосида ташкил этилаётган бевосита мулоқотлар муаммоларни тезда ҳал этилишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Қашқадарё вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Сирожиддин Эшматов Китоб туманида кичик ва ўрта бизнес субъектлари вакиллари билан учрашиб, уларнинг муаммоларини тинглади.
Мулоқотда солиқ имтиёзларидан фойдаланиш, солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш, солиқ ҳисоботларини топширишда йўл қўйилган хатоларни бартараф этиш ва бошқа масалаларга оид 30 нафардан ортиқ тадбиркорларнинг мурожаатлари тингланди.
Учрашув давомида тадбиркорлар томонидан кўтарилган масалаларнинг аксарияти шу ернинг ўзида ҳал этилди. Ечими ўрганиш ва вақт талаб этадиган мурожаатлар юзасидан эса чора-тадбирлар белгиланиб, ижроси назоратга олинди.
Шунингдек, тадбир давомида қонунчиликдаги янгиликлар юзасидан маълумотлар бериб ўтилди.
Таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 30 январдаги “Чорвачилик ва паррандачиликни қўллаб-қувватлаш, соҳада юқори қўшилган қиймат яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
[gallery-24249]
Ушбу қарор билан 2025 йил 1 апрелдан 2028 йил 1 январга қадар чорвачилик ва паррандачилик хўжаликлари томонидан давлат бюджетига тўланган қўшилган қиймат солиғининг 50 фоизини ҳар ойнинг 25 санасига қадар қайтариш тартибини жорий этиш белгиланди.
Бунда ушбу тартиб ишлаб чиқарилган гўшт, сут, парранда гўшти ҳамда тухумни реализация қилишдан тушган умумий тушум жами товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олган даромадининг камида 90 фоизини ташкил қиладиган чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларига нисбатан татбиқ этилади.
Шунингдек, наслчилик корхоналари учун уларнинг асосий фаолият тури бўйича фойда солиғи (тижорат банкларида жойлаштирилган маблағлардан олинган фоизлардан ташқари), мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларни 50 фоиз пасайтирилган ставкада тўлаш шаклидаги солиқ имтиёзларининг амал қилиш муддатини 2028 йил 1 январга қадар узайтириш белгиланди.
– Солиқ қонунчилигидаги янгиликларни тадбиркорларга етказиш биз учун доимо муҳим масалалардандир, – дейди вилоят солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Жавоҳир Отақулов. – Бугунги тадбирда ҳам қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида маълумотлар бериб, уларнинг саволларига жавоб қайтардик. Бу эса тадбиркорлар фаолиятида муҳим аҳамият касб этади.
Қашқадарё вилояти солиқ бошқармаси бошлиғининг тадбиркорлар билан учрашуви вилоятимизнинг бошқа туманларида ҳам давом этади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари