Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида солиқ идоралари зиммасига “Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида иш ташкил этиш вазифаси юклатилган эди.
Бу борада Наманган вилояти давлат солиқ органлари томонидан бир қатор амалий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ҳудудий солиқ инспекцияларида “Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида иш ташкил этилмоқда. Бунда асосий эътибор, тадбиркорлик субъектларига ер ажратиш, берилган кредитлардан тўғри фойдаланиш, шунингдек, кичик бизнес вакиллари фаолиятида учраётган муаммоларни ўз вақтида тезкорлик билан ҳал этишга қаратилмоқда.
Буни Тўрақўрғон туманидаги “Исвахон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Ронам текс” масъулияти чекланган жамияти мисолида кўриш мумкин. Маҳфуза Гюмюш раҳбарлик қилаётган мазкур корхона ишга туширилганига унча кўп бўлмади. Хорижий инвестиция асосида иш бошлаган корхонада асосан, ёстиқ, кўрпа жилди, сочиқ сингари трикотаж маҳсулотлари тайёрланиб, юз фоиз экспортга йўналтирилган.
Жамият томонидан ўтган 2020 йил давомида ишчилар сони 130 киши бўлган бўлса, 1 миллион 400 минг АҚШ доллари миқдоридаги экспорт амалга оширилган, жорий йилнинг биринчи чорагида экспорт салмоғи 1 миллион 100 минг долларга етказилди. Ишчи-хизматчилар сони эса 225 нафарга етди.
Эътиборлиси шундаки, солиқ ходимлари кўмагида мазкур жамиятга тумандаги “Оқтош” шаҳарчасида ташкил этилган “Ёшлик” кичик саноат зонасида бир гектар ер ажратилишида амалий кўмак берилди. Хорижий инвестиция асосида қурилаётган янги корхона ишга тушгач, яна 700 та янги иш ўрни яратилади.
“Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида Косонсой туманида олиб борилаётган ишлар ҳам эътиборга молик. “Ширин” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги эски кинотеатрда жойлашган “Кушон текстиль гроуп” масъулияти чекланган жамиятига Анваржон Воҳидов раҳбарлик қилади. Корхона асосан маҳаллий маҳсулотдан ишчи-хизматчиларга кийим-бош тайёрлашга ихтисослашган. Айни пайтда корхонада 40 дан ортиқ маҳаллий аҳоли вакиллари меҳнат қилмоқда. Муҳими, маҳсулотларни хорижга экспорт қилиш имконияти бор. Ҳозирда бу ерда Россия ва Кувайт давлатларига шартнома асосида тиббий кийимлар етказиб бериш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА