Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Солиқ хизмати органларида қуёш энергиясидан самарали фойдаланилмоқда
16:17 / 2022-12-02

Навоийда биринчилардан бўлиб вилоят солиқ тизими тўлиқ муқобил энергиядан фойдаланишга ўтди.

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 25 ноябрь куни Навоий вилоятига ташрифи доирасида вилоятни республиканинг намунавий ҳудудига айлантириш бўйича янги ташаббусларни илгари суриб, вилоят электр энергиясини тежаш бўйича намуна бўлишини таъкидлаган эди. Бунинг учун вилоятдаги барча ташкилотларга 100 фоиз қуёш панеллари ўрнатиш белгиланди.

Шу боис, Навоий вилояти давлат солиқ хизмати органларининг маъмурий биноларида муқобил энергия манбаларидан, хусусан, қуёш энергиясидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Навоий вилояти давлат солиқ бошқармаси ҳамда ҳудудий давлат солиқ инспекцияларининг маъмурий биноларини муқобил тарзда захира энергия манбаи билан таъминлаш мақсадида тўлиқ қуёш электр панеллари ўрнатилди.  

– Бошқарма маъмурий биносига ўрнатилган 40 кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга қуёш панеллари ёрдамида бир ойда 7500 кВт электр энергияси олинмоқда, – дейди Навоий вилояти давлат солиқ бошқармаси бош ҳисобчиси Фазлиддин Умаров. – Шундан бошқарма эҳтиёжига 4800 кВт сарфланади. Қолган 2700 кВт ток электр тармоқлари корхонасига сотилади. Энг асосийси, эндиликда электр энергияси учун бюджетдан сарфланган маблағлар тежаб қолиниб, даромад олишга ҳам эришилмоқда.

Шунингдек, вилоятнинг туман, шаҳар давлат солиқ инспекциялари маъмурий биноларида 20 кВт/соат қувватдаги қуёш панеллари ўрнатилди. Бундан кўринадики, вилоят солиқ хизмати органларида энергия мустақиллигига эришилди.

 

Абдували Бўриев, ЎзА