Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Солиқ тўлаш юрт тараққиётига қўшилган ҳисса демакдир (+видео)
20:28 / 2025-11-17

Жиззах шаҳрида “Менинг солиғим – юртим иқболи!” республика тарғибот акцияси ўтказилди. Тадбир яқинда ўз фаолиятини бошлаган замонавий “Ko‘k Saroy Resident City” савдо мажмуасида катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Акциянинг айнан шу масканда ташкил этилгани бежиз эмас, албатта. Янги савдо мажмуаси аллақачон вилоят бизнес муҳитига кучли туртки берувчи, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантирувчи муҳим нуқтага айланиб улгурди.

3,5 гектар майдонни қамраб олган ушбу мажмуада 300 дан ортиқ дўкон, овқатланиш масканлари, 30 дан ортиқ аттракцион, болалар ўйингоҳлари ва 20 га яқин заргарлик дўконлари фаолият юритмоқда. Бир вақтнинг ўзида 800 та автомашина учун мўлжалланган автотураргоҳ эса меҳмонлар учун қўшимча қулайлик яратади. Мажмуа фаолиятга тушиши билан 500 дан ортиқ янги тадбиркорлик субъекти вужудга келди, 850 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланди.

[gallery-26293]

Тадбир давомида солиқ идоралари ходимлари тадбиркорлар ва аҳоли билан очиқ мулоқот ўтказиб, солиқ тизимидаги янгиликлар, қўлланилаётган имтиёзлар ва қулай механизмлар ҳақида атрофлича маълумот бердилар.

— Акциянинг асосий мақсади – фуқароларга солиқ тўлаш мажбуриятдан кўра юрт тараққиётига қўшилаётган шахсий ҳисса эканини чуқур англатишдир, — дейди Жиззах вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Бобир Исмоилов. — Биз ҳалол солиқ тўловчиларни эътироф этиб, уларга рағбат кўрсатиш, аҳоли билан очиқ мулоқотни кучайтириш ва солиқ идоралари ҳамда аҳоли ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашни мақсад қилганмиз.

Акция орқали аҳолида солиқни ўз вақтида тўлаш маданиятини ошириш, маҳаллий бюджет даромадларини кўпайтириш, ҳудуд ривожи учун барқарор молиявий асос яратиш кўзда тутилган. Яқин вақтларда мажмуанинг иккинчи босқичи — “Эко бозор” қурилишига ҳам старт берилши режалаштирилган.

Тадбирда санъаткорларнинг чиқишлари, викториналар, совғалар ва байрамона руҳ иштирокчиларга хуш кайфият улашди. Зеро, “Менинг солиғим – юртим иқболи!” — фақат шиор эмас, балки юрт равнақи йўлидаги масъулият, фидойилик ва ўзаро ҳамжиҳатлик рамзидир.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/hV-LMeJu9uw" title="Jizzaxda “Mening solig‘im – yurtim iqboli!” aksiyasiga keng qiziqish" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Абдужалол Қаюмов (видео, сурат), ЎзА мухбири