Мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги олдида Жиззах вилоятининг барча шаҳар ва туманларида “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Ана шундай тадбирда Давлат солиқ қўмитаси раисининг маслаҳатчиси Гавҳархон Муқаддасова ҳамда Давлат солиқ қўмитаси ва унинг таркибий бўлинмалари ходимлари бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси раиси Баҳриддин Зайниддинов тизимда фаолият юритаётган хотин-қизлар билан учрашди.
Тадбирда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, тизимда меҳнат қилаётган хотин-қизларнинг солиқ ривожига қўшаётган ҳиссаси, аёллар ишлаган ва раҳбарлик қилаётган жойлар тажрибаси, тартиб, адолат, ҳалоллик, маданият ҳақида сўз борди.
Жиззах вилояти давлат солиқ хизмати органларида 84 нафар хотин-қиз фаолият юритмоқда.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда давлат солиқ хизмати органларида ҳам қатор ижобий ўзгаришлар, хусусан, гендер тенглик йўналишида, хотин-қизларнинг ролини ошириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Қувонарлиси, “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”га мувофиқ хотин-қизларнинг давлат бошқаруви органларидаги фаоллиги янада ортади.
[gallery-8540]
Давлат солиқ хизмати органларида фаолият юритаётган хотин-қизлар сафини янада кенгайтириш, билим ва касбий кўникмаларини ошириш, уларни чет давлатларга юбориб тажриба алмашишни ташкил этиш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида ҳам тўхталиб ўтилди.
Солиқ хизмати органларидаги фаолиятида солиқ маъмурчилигини таъминлашда намуна кўрсатиб келаётган бир қатор солиқ тизимидаги хотин-қизлар қўмита раисининг маслаҳатчиси томонидан ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Шундан сўнг, вилоят мусиқали драма театрида жиззахлик солиқчилар иштирокида “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбирда вилоят солиқ тизимида самарали хизмат қилиб келаётган бир гуруҳ соҳа ходимлари тақдирланди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА