«Ёш солиқчилар форуми» доирасида Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиевнинг тизимда фаолият юритаётган ёшлар, солиқ соҳасида таҳсил олаётган талаба ва ўқувчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Фискал институтда ташкил этилган «Раҳбар ва ёшлар» деб номланган ушбу очиқ мулоқотда соҳадаги тажриба, раҳбарлик масъулияти, тизимда кадрларга қўйиладиган талаблар ҳақида фикр алмашилди.
Ёшлар солиқ соҳасини ривожлантиришга қаратилган муштарак мақсадлар йўлида янада ташаббускор ва фидойи бўлишга чорланди. Бу борада уларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватланиши қайд этилди.
Солиқ қўмитаси раиси Ғаллаорол тумани солиқ инспекциясида ишлаш истагини билдирган ёшлардан бирининг ташаббусини қўллаб-қувватлади. Шунингдек, маҳалла тизимида яхши кўрсаткичлар қайд этиб келаётган яна бир ёш ходимнинг унвони бир поғона оширилишини маълум қилинди.
Учрашувда ёшлар билан ишлаш борасида амалга оширилаётган лойиҳалар ушбу мулоқот давомида билдирилган фикр ва таклифлар асосида янада бойитилиши таъкидланди.
И.Аввалбоев, ЎзА