Олий судда товарларнинг бозор қийматини аниқлашга оид қонун нормаларини қўллаш масалалари муҳокама этилди. Унда судьялар, солиқчилар, солиқ маслаҳатчилари ҳамда бошқа манфаатдор ташкилот ва идоралар вакиллари иштирок этди.
Олий суд раисининг ўринбосари Шуҳрат Полвонов таъкидлаганидек, бозор иқтисодиётини изчил ривожлантириш, мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ҳамда тадбиркорлик фаолияти учун қулай муҳит яратиш жараёнида солиқ тизимини соддалаштириш ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этади.

Юртимизни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш борасида ҳам изчил чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Бироқ, тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ текширувлари натижалари бўйича қабул қилинаётган қарорлар устидан низолашиш ҳанузгача юқори даражада қолмоқда.

Хусусан, Солиқ кодексининг 248-моддаси (солиқ базасини аниқлаш тартиби) 4-қисмида товарларнинг бозор қийматини аниқлаш тартиби аниқ белгилаб қўйилмагани сабабли ҳуқуқни қўллаш амалиётида турлича талқинлар вужудга келмоқда. Бу ҳолат эса низоларни ҳал этишда муайян ҳуқуқий ноаниқликларни келтириб чиқармоқда.
Иштирокчилар томонидан ушбу масалага доир билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида амалиётда қўллашда бир қатор ҳуқуқий ва амалий муаммоларга дуч келаётган мазкур нормага оид аниқ ва ягона ёндашувни ишлаб чиқиш, бу борадаги баҳсли ҳолатларни бартараф этиш юзасидан ягона хулосани шакллантиришга келишиб олинди.

Н.Абдураимова, ЎзА