Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Солиқ сиёсатидаги ўзгаришлар моҳияти тушунтирилди
19:14 / 2026-01-17

Наманган шаҳар ҳокимлиги мажлислар залида вилоят солиқ бошқармаси ташаббуси билан ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, солиқ қонунчилигидаги янгиликларни жойларда тушунтириш мақсадида тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари ҳамда ҳисобчилар учун 2026 йилга мўлжалланган солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларига бағишланган амалий семинар бўлиб ўтди.

Кенг қамровли мулоқотда мутахассислар томонидан жорий йилда солиқ сиёсатидаги устувор йўналишлар юзасидан батафсил маълумот берилди. Хусусан, солиқ ставкалари ва солиқ турлари бўйича ўзгаришлар, тадбиркорлик субъектлари учун яратилаётган қулайликлар атрофлича ёритилди.

Тадбир давомида солиқ маъмурчилигини янада такомиллаштириш, солиқ ҳисоботларини электрон шаклда тақдим этиш, рақамли солиқ хизматларидан самарали фойдаланиш ҳамда солиқларни ўз вақтида ва тўғри ҳисоблаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Тадбиркорлар ва ҳисобчиларга кундалик фаолиятда дуч келаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича тавсиялар берди.

– Амалда солиқ тўловчиларга ўз вақтида топширилмаган ҳар бир солиқ ҳисоботи учун алоҳида жарима қўлланилади. Жарима миқдори фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари, мансабдор шахсларга эса 10 бараварини ташкил этарди, – дейди учрашув иштирокчиларидан Жасур Насриддинов. – Эндиликда кичик бизнес вакилларига бир нечта ҳисоботлар топширилмаган тақдирда барча тақдим этилмаган ҳисоботлар бўйича битта жарима қўлланилиши биз каби тадбиркорлар учун яна бир енгиллик ва қўллаб-қувватлаш, деб ўйлайман. Солиқчилар билан фикр алмашиш ва самимий мулоқот қилиш – бу ҳар икки томон учун ҳам манфаатли. “Солиқчи-тадбиркорга кўмакчи” тамойили орқали ўтказилаётган учрашувлар тадбиркор сифатида яхшироқ қарорлар қабул қилишимизга замин яратиши мумкин.

Мазкур семинар тадбиркорлар ва бухгалтерларнинг солиқ ва бюджет сиёсати бўйича билим-кўникмаларини мустаҳкамлаш ҳамда давлат органлари ва бизнес вакиллари ўртасидаги ўзаро ишонч, ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.