Солиқ кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳамда «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни мазмун-моҳиятини тадбиркорлар ва кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан семинар ташкил этилди.
Тадбирда Давлат солиқ қўмитаси ва вилоят давлат солиқ бошқармасининг масъул ходимлари, тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Шунингдек, видеоконференция тарзида ўтказилган семинарда шаҳар ва туманлардаги студиялардан жойлардаги солиқ инспекциялари ходимлари ҳамда тадбиркорлар қатнашди.
Семинарда Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев сўзга чиқиб, Солиқ кодексига киритилган асосий ўзгартириш ва қўшимчалар ҳамда 2021 йилда солиқ сиёсатидаги янгиликлар ҳақида иштирокчиларни хабардор қилди.
Мисол учун, қўшилган қиймат солиғи тўловчи (ҚҚС) корхоналар доирасини кенгайтириш ҳамда ҚҚС занжирининг узилишини олдини олиш мақсадида тушум ҳажмидан қатъий назар алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан, пивони чакана сотиш бўйича турғун савдо шохобчалари, бозор ва савдо комплекслари ҚҚС тўловчи корхоналар ҳисобланиши белгиланди.
Семинар давомида иштирокчилардан келиб тушган барча саволларга мутахассислар томонидан зарур тушунтиришлар берилди.
– Бугунги тадбирда ўзимни қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан етарлича жавоб топиш билан бирга таклифларимни ҳам бердим, – дейди қувасойлик тадбиркор Ойбек Худойбердиев.
М. СУЛАЙМОНОВ, ЎзА