Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар тушунтирилмоқда
20:02 / 2025-12-12

Хоразм вилоятида солиқ бошқармаси ва унинг ҳудудий инспекциялари ҳамда тегишли ташкилотлар вакилларидан тузилган ишчи гуруҳи томонидан солиқ қонунчилигидаги янгиликларни солиқ тўловчиларга етказиш мақсадида жойларда юзма-юз учрашувлар ташкил этилмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 12 августдаги «Якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахслар учун қулай шарт-шароит яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ берилган солиқ бўйича айрим енгиллик ва ўзгаришлар 2026 йилдан кучга киради.  

Ушбу қарор мазмун - моҳияти билан тадбиркорларни таништириш ва улар учун яратилган қулайликлар ҳақида маълумот бериш учун навбатдаги учрашув Янгиариқ туманида ташкил этилди.  

Учрашувда вилоятнинг бош солиқчиси шахсан ўзи иштирок этиб, тадбиркор ва фуқароларга янгиликларни етказди.

[gallery-26704]

– Хоразм вилоятида жами 16 мингдан ортиқ якка тартибдаги тадбиркорлар ва 18 мингга яқин ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахслар,  Янгиариқ туманида 694 та якка тартибдаги тадбиркор ва 12 минг 720 та ўзини ўзи банд қилган фуқаролар бор, –деди вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Саидов. – Солиқ тизимининг рақамлаштирилиши туфайли солиқ тўловчиларга янада тезкор, қулай ва сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида барча аҳоли гавжум жойларда тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Қабул қилинган қарорга асосан якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун махсус ҳуқуқий режим ишлаб чиқилади. Яъни 2030 йил 31 декабрга қадар тўлов ташкилотларининг рақамли платформалари орқали якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларга барча хизматлар онлайн тарзда кўрсатилади.  

– Энг асосийси, барча зарур хизматларни қамраб олувчи рақамли платформалар яратилади, –деди Ш. Саидов. –  Яъни якка тартибдаги тадбиркор ва ўзини ўзи банд қилган шахс фаолиятини рўйхатдан ўтказиш ва тўхтатиб туриш шу билан бирга солиқларни автоматик равишда ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиблари жорий қилинади. Тадбиркорлар ўз фаолиятидаги савдо ва хизмат кўрсатишдаги операцияларини реал вақт режимида фискаллаштиради. Қолаверса, товар ва хизматлар реализацияси учун ҳисоб-китобларни амалга ошириш билан бирга жисмоний шахслар ўртасида ўзаро ҳисоб-китоблар, жумладан, пул ўтказмаларини амалга ошира олади. Тадбиркорга берилаётган енгилликлардан бири солиқ ва бошқа ҳисоботларни автоматик равишда шакллантиради ва юборади. Буларнинг барчаси рақамлашган ва фискаллашган жараёнда амалга оширилади.

Тадбиркорлик субъектлари ўртасида тенг шароитларни таъминлаш мақсадида 2026 йил 1 январдан бошлаб махсус ҳуқуқий режим жорий қилинади.  

– Менга маъқул келган томони ушбу махсус ҳуқуқий режим жорий қилиниши билан бирга якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган миқдорда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ва даромади юз миллион сўмдан ошган ўзини ўзи банд қилган шахсларни айланмадан олинадиган солиқ тўлашга ўтказиш тартиби бекор қилинаётганидир, – дейди тадбиркор Хурсанд Рўзметов. – Шунингдек, йиллик айланмаси 1 миллиард сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланмоқда. Якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларда рақамли платформаларда генерация қилинган электрон тўловларни қабул қилувчи махсус QR код мавжуд бўлиши чакана савдо қоидаларининг мажбурий талаби этиб белгиланади ва махсус QR код мавжуд эмаслиги назорат-касса техникасини ёки ҳисоб-китоб терминалларини қўлламасликка тенглаштирилади.  

Хулоса ўрнида айтиш керакки, солиқ маъмурятчилигида қўлланилаётган ушбу тизимли ишлар жойларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг қонуний бандлигини таъминлаш, яширин иқтисодиётнинг олдини олиш ҳамда рақамли хизматлардан кенг фойдаланиш имкониятларини оширишга хизмат қилади.

Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари