Хоразм вилояти солиқ бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар ҳамда 2026 йил 1 январдан солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини тадбиркорлик субъектлари ҳамда кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида ўқув-семинар ташкил этилди.
Тадбирда Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Саъдуллаев иштирок этиб, Солиқ кодекси ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилган муҳим ўзгартиришлар юзасидан батафсил маълумотлар бериб ўтди.
– 2026 йил 1 январдан якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун янгиликлар яъни Ўзбекистонда ягона рақамли экотизим, солиқларни автоматик ҳисоблаш ҳамда шаффоф ҳисоб-китоблар асосида якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун янги ҳуқуқий режим жорий этилмоқда. Бизнесни рўйхатдан ўтказиш, солиқлар, тўловлар ва чеклар – барчаси ягона рақамли маконда амалга оширилади, – деди Хоразм вилояти солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Равшанбек Бобоязов.
[gallery-27042]
2026 йил 1 январдан бошлаб юридик шахсларга солиқ ҳисоботларини тақдим этишда ҳам катта имкониятлар яратилмоқда. Ер, мулк, қўшилган қиймат, айланмадан олинадиган даромад ва ижтимоий солиқ бўйича ҳар бир ҳисобот солиқ органлари томонидан ҳисоботни тақдим қилиш муддатига 5 кун қолганда шахсий кабинетида шакллантириб берилиши ва мазкур янги тартиб бўйича солиқ тўловчилар ҳисоботларни 5 кунгача ўзгартиришлари мумкин бўлади. Агар шу муддатда ўзгартириш киритилмаса, бу солиқ тўловчининг ҳисоботга розилигини билдиради.
Шунингдек, 2026 йил учун амал қиладиган солиқ ставкалари, тадбиркорлик субъектлари учун белгиланган солиқ имтиёзлари, нақдсиз ҳисоб-китобларни кенгайтириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган механизмлар юзасидан тушунтиришлар берилди.
Тадбиркорларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоб берилиб, улар фаолияти жараёнида юзага келаётган муаммо ва таклифлари тингланди ҳамда тегишли тавсиялар билдирилди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (Сурат),
ЎзА мухбирлари