Айрим якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан 1 январга қадар Paynet Xolis мобил иловасини мажбурий тарзда ўрнатиш талаб қилинаётгани юзасидан шикоятлар билдирилмоқда. Уларнинг таъкидлашича, маҳалла фуқаролар йиғинлари, маҳаллий ҳокимликлар ва солиқ идоралари ходимлари томонидан белгиланган «режа» сабабли иловани ўрнатиш мажбурияти юкланмоқда.
Мазкур ҳолатга муносабат билдирган Солиқ қўмитаси матбуот хизмати Paynet Xolis мобил иловаси якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун шаффоф тадбиркорлик муҳитини шакллантириш мақсадида ишлаб чиқилганини маълум қилди. Шу билан бирга, иловани ўрнатиш ихтиёрий экани алоҳида таъкидланди.
Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, солиқ органлари томонидан тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда бошқа тўлов ташкилотлари билан ҳамкорликда рақамли хизматларни ривожлантириш, шу жумладан, янги мобил иловаларни ишлаб чиқиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ушбу ташаббуслар якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда расмий секторда ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг ихтиёрий фаолиятини рағбатлантиришга қаратилган.
Қайд этилишича, рақамли платформалар солиқ органларининг ахборот тизимлари билан тўлиқ интеграциялашган бўлиши, шунингдек, бундай платформаларни яратган тўлов ташкилотлари махсус солиқ режимларидан фойдаланувчилар ёки технологик парк резидентлари бўлмаслиги лозим. Шу маънода, Paynet акциядорлик жамияти технологик парк резиденти ҳисобланмайди.
Шу билан бирга, технологик парк резиденти бўлган тўлов ташкилотларига якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларга махсус солиқ режимлари доирасида хизмат кўрсатишга рухсат этилмаслиги эслатиб ўтилди.
Солиқ қўмитаси ушбу ҳолатдан келиб чиққан ҳолда солиқ идоралари Paynet Xolis мобил иловасини ихтиёрий равишда ўрнатишни тавсия этишини маълум қилди. Агар солиқ органлари ходимлари томонидан иловани мажбурий тарзда ўрнатиш ҳолатлари кузатилса, фуқаролар Давлат солиқ қўмитасининг 1198 қисқа рақамига ёки ўз яшаш жойидаги солиқ органларига мурожаат қилишлари мумкин.
Ш.Маматуропова, ЎзА