Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, бугун соат 13:00 га қадар ортиқча олинган бўнак маблағлари солиқ тўловчиларга қайтарилади.
Аввалроқ, бир нечта тадбиркорлар ижтимоий тармоқда солиқ органлари томонидан бўлажак даромадлардан даромад солиғи учун «аванс» ундирилаётгани ҳақида маълум қилган эди. Ушбу ҳолатлар Солиқ қўмитаси томонидан зудлик билан ўрганилди.
Тезкор ўрганиш натижалари танқидий равишда кўриб чиқилиб, ушбу камчиликларга йўл қўйгани учун Солиқ қўмитаси масъул назорат департаменти бошлиғи Б.Муқимов ва Тошкент шаҳар бўлим бошлиғи О.Лутфуллаев эгаллаган лавозимларидан озод этилди.
Шунингдек, Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғи Ю.Насимжанов ва Бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Ж.Мирпўлатовнинг махсус унвонлари бир поғонага пасайтирилиб, интизомий жазо чораси белгиланди.
Солиқ қўмитаси солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш департаменти бошлиғи Х.Базаровга нисбатан ҳайфсан интизомий жазо чораси тайинланди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА