Маълумки, солиқлар давлат бюджети барқарорлигининг асосий манбаи ҳисобланади. Бироқ охирги расмий маълумотлар Ўзбекистонда мол-мулк ва ер солиғи бўйича қарздорлик хавотирли даражага етиб бораётганини кўрсатмоқда.
Солиқ қўмитасининг маълум қиишича, 2026 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда ташкилотлар ходимларининг мол-мулк ва ер солиғи бўйича қарздорлиги жиддий даражага етди. Расмий маълумотларга қараганда, 124 521 та ташкилотда ишловчи 457 609 нафар ходимнинг жами 520 213 та солиқ объекти бўйича 462,5 млрд. сўм миқдорида тўланмаган солиқ қарзи мавжуд.
Бу кўрсаткич нафақат солиқ интизоми, балки аҳоли даромадлари, мулк эгалиги ва солиқ маъмуриятчилигидаги муаммоларни ҳам очиб бермоқда. Жами қарзнинг катта қисми 295,7 млрд. сўм ер солиғи ҳиссасига тўғри келади. Қолган 166,8 млрд. сўм эса мол-мулк солиғи ҳисобланади. Бу ҳолат кўплаб фуқаролар томонидан ер участкалари ва кўчмас мулк объектлари расмийлаштирилган бўлса-да, улар бўйича солиқ тўловлари ўз вақтида амалга оширилмаётганини кўрсатади.
Мутахассисларнинг фикрича, бунга бир неча омиллар сабаб бўлмоқда.
Хусусан, солиқ ҳисоб-китобларининг автоматик эмаслиги, фуқароларнинг солиқ мажбуриятлари ҳақида етарли хабардор эмаслиги, айрим ҳолларда тўлов қобилиятининг пасайиши сабаб бўлмоқда.
Қарздорликнинг асосий қисми — 346 млрд. сўм — тижорат ташкилотлари ходимлари ҳиссасига тўғри келади. Қолган қисми, 97,7 млрд. сўм бюджет ташкилотлари ходимлари, 18,8 млрд. сўм — нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимларига тўғри келмоқда. Бу рақамлар шуни кўрсатадики, ҳатто барқарор иш ҳақига эга бўлган бюджет соҳаси ходимлари орасида ҳам мол-мулк ва ер солиғи бўйича қарздорлик мавжуд.
Тижорат ташкилотлари ичида қарздорлик энг кўп қуйидаги соҳалар ҳиссасига тўғри келмоқда. Қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги — 86,2 млрд. сўм, саноат — 71,4 млрд. сўм, қурилиш — 58 млрд. сўм, савдо — 53,9 млрд. сўмни ташкил этмоқда.
Айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасида қарздорлик юқори бўлиши ер участкалари сонининг кўплиги, даромадлар мавсумийлиги ва солиқ тўловларининг кечиктирилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Савдо ва қурилиш соҳаларида эса ишчи кучи кўп бўлишига қарамасдан, солиқ интизомининг етарли даражада таъминланмаётгани кўзга ташланади. Маълумотларга кўра, ходимлари энг кўп солиқ тўлаши лозим бўлган ташкилотлар “Temiryo‘llarinfratuzilma” АЖ — 2,1 млрд. сўм, “Navoiy kon-metallurgiya kombinati” АЖ — 1,9 млрд. сўм, “Hududgazta’minot” АЖ — 1,8 млрд. сўмни ташкил этмоқда.
Бу каби йирик давлат улушига эга корхоналарда ҳам ходимларнинг шахсий мулки бўйича солиқ қарзлари мавжудлиги солиқ тизимида профилактика ишларини кучайтириш зарурлигини кўрсатади.
Мутахассисларнинг фикрича, мавжуд қарздорликни қисқартириш учун мол-мулк ва ер солиғини тўлиқ рақамлаштириш, ходимларни солиқ қарзи ҳақида иш жойи орқали автоматик хабардор қилиш, солиқни иш ҳақидан ихтиёрий ва босқичма-босқич ундириш механизмларини жорий этиш, аҳоли ўртасида солиқ маданиятини ошириш муҳим аҳамиятга эга.
Бир сўз билан айтганда, 462,5 млрд. сўмлик солиқ қарзи бу фақат рақам эмас. Бу давлат бюджети имкониятлари, маҳаллий инфратузилма ривожи ва ижтимоий дастурлар молиялашувига бевосита таъсир қилувчи омилдир. Шу боис, мол-мулк ва ер солиғи бўйича қарздорликни камайтириш нафақат солиқ органлари, балки иш берувчилар ва фуқароларнинг ҳам умумий масъулияти ҳисобланади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА