Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Солиқ қарздорлигини ўз вақтида тўлаш зарур
19:23 / 2023-12-14

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти бошқармаси ҳамда вилоят солиқ хизмати органлари ходимлари ҳамкорлигида “маҳаллабай” асосида ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, қарздор жисмоний ҳамда юридик шахслардан солиқ қарздорликлари ундирилмоқда.

Солиқлар – миллий иқтисодиётимизнинг муҳим таянчи, тўкин ва обод турмушимиз кафолати. Бу ҳақида давраларда кўп айтилади, телевидение ва радиода кўп гапирилади. Бошқа оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ҳам кўп ёзилади. Афсуски, айрим солиқ тўловчилар бу гап-сўзларни эшитмагандек, қонунчилигимизда белгиланган ўз мажбуриятларини унутиб, солиқ қарзларини қасддан тўламасликни ҳам қалтис одатга айлантираётган ўхшайди. Жойлардаги бундай ҳаракатлар солиқларни мажбурий тартибда ундиришга сабаб бўлмоқда. 

Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида МИБнинг ҳудудий бўлимлари иш юритувида бўлган қарийб 70 мингта солиқ қарздорлиги бўйича бир триллион 458 миллиард сўмликдан ортиқ ижро ҳужжатлари юзасидан мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилган. Шу кунгача уларнинг 44 минг 800 тасидан 1 триллион 203 миллиард 200 миллион сўмлик қарздорлик ундирилиб, тегишли ҳужжатлар ижроси таъминланган. 

МИБ вилоят бошқармаси матбуот хизматидан олинган маълумотларга кўра, қолган ижро ҳужжатлари бўйича амалга оширилган мажбурий ижро ҳаракатлари чоғида қарздорларга тегишли 623 миллиард сўмлик 710 та мол-мулк хатловга олиниб, реализация қилиш чоралари кўрилмоқда. 

Буни қарангки, йил якунланишига ҳам саноқли кунлар қолаётир. Лекин, воҳада ҳали ҳам солиқ идоралари олдидаги мажбуриятларини бажармай, ўтаётган йилнинг ер ва мол-мулк солиқларидан қарздор бўлиб қолаётган жисмоний шахслар борлиги маълум бўлмоқда. Мазкур қарздорликни сўндириш учун МИБнинг Термиз шаҳар ва туманлар бўлимларидаги ижро ҳужжатларига асосан 1 минг 200 дан ортиқ жисмоний шахснинг иш жойи аниқланиб, уларнинг иш ҳақларига талабнома юборилди. 

Вилоятда солиқ қарздорлигини ундириш юзасидан изчил давом эттирилаётган ишлар алоҳида назоратга олинган. 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири