Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Солиқ қарздорлиги сабабли объектларни қонунийлаштириш жараёни тўхтаб қолмоқда
15:43 / 2025-12-22

“Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун кадастр ҳужжатига эга бўлмаган минглаб объектларни давлат рўйхатидан ўтказишда, аҳолининг йиллар давомида фойдаланиб келаётган уй-жойлари ва бошқа кўчмас мулк объектларини қонунийлаштиришда муҳим ҳужжат бўлди. Аммо амалиётда ушбу қонун ижросида қатор муаммолар юзага келмоқда.

Хусусан, кўплаб объектлар бўйича солиқ қарздорлиги мавжудлиги сабабли ҳуқуқларни эътироф этиш жараёнлари тўхтаб қолмоқда. Масалан, 243 мингдан ортиқ объектнинг 400 миллиард сўмлик солиқ қарздорлиги борлиги аниқланган.  

Кадастр агентлиги маълумотига кўра, жорий йилнинг 25 август ҳолатига 5 минг 336 дан ортиқ кўчмас мулк объекти ҳужжати расмийлаштирилган. Лекин эгалик ҳуқуқи эътироф этилмаган 4 млн.дан ортиқ кўчмас мулк объекти бор.

Шу каби амалиётдаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.  

Мазкур қонун лойиҳаси бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилишида биринчи ўқишда атрофлича муҳокама қилинди.  

Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Узакберген Жаксимуратовнинг қайд этишича, ушбу қонун лойиҳасида ҳуқуқларни эътироф этиш муддатларини қисқартириш, якка тартибдаги уй-жойлар учун тўлов миқдорини енгиллаштириш, айрим ҳолларда ҳуқуқларни қисман эътироф этиш, солиқ қарзи мавжуд бўлган тақдирда ҳам жараённи давом эттириш каби қулайликлар назарда тутилмоқда.

Фракция аъзолари Фарҳод Зайниев ва Бекмирза Эшмирзаев яқинда қабул қилинган қонунга ўзгартириш киритилиши, ҳуқуқларни эътироф этиш муддатлари қисқартириб юборилиши қанчалик ўзини оқлаши билан қизиқди. Амалдаги қонун 2028 йилгача амал қиладиган бўлса, унинг ижросини таъминлашда муддатлар қисқартирилишига қанчалик эҳтиёж бор, муддат қисқартирилиши объектларни шошиб, пала-партиш ўрганишга олиб келмайдими, деган саволлар ўртага ташланди.  

Қонун ташаббускорлари депутатларнинг савол ва таклифлари бўйича тегишли жавобларни қайтарди.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА