Юртимизда аҳолининг турмуш даражасини ошириш, камбағалликни камайтириш ва фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур жараёнларда солиқ органлари ҳам фаол иштирок этиб, муайян чораларни кўриб келмоқда. Хусусан, шу йилнинг биринчи ярим йиллигида солиқ органлари томонидан 7 минг 820 та эҳтиёжманд оила “Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали 3,67 миллиард сўмлик ёрдам билан қўллаб-қувватланди. Шунингдек, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар томонидан келиб тушган мурожаатларнинг 60,1 фоизига амалий ёрдам кўрсатилган. “Ёшлар дафтари”га киритилган 8 минг 896 нафар ёшларга 25,8 миллиард сўмлик ёрдам берилган.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси томонидан ўтказилган йиғилишда айтиб ўтилди. Унда Солиқ қўмитасининг “2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон бўйлаб солиқ органлари томонидан аҳолининг турмуш даражасини ошириш, камбағалликни камайтириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш борасида амалга оширилган ишлари тўғрисида”ги маълумоти кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури асосида солиқ тизими раҳбарларига 2 минг 639 та камбағал оила бириктирилган. Ҳисобот даврида уларнинг муаммолари аниқланиб, 98,3 фоизи ҳал этилган. Жумладан, 953 нафар фуқаро иш билан таъминланган. Таълим ва тиббий хизматдан фойдаланиш, уй-жой шароитини яхшилаш каби йўналишлар бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар кўрилган. Шунингдек, 2 минг 789 та хонадонга моддий ёрдамлар етказилган.
Муҳокамалар давомида депутатлар Солиқ қўмитаси томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини бердилар. Якунда белгиланган вазифалар ижроси устидан самарали парламент назоратини ўрнатиш лозимлиги айтиб ўтилди.
М.Комилова,
ЎзА