Ўзбекистонда солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш, тадбиркорлар ва солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида солиқ низоларини судгача ҳал қилиш институти фаол қўлланилмоқда. Бу амалиёт солиқ тўловчилар учун ортиқча вақт ва харажатларни тежаш, давлат органлари билан муносабатларда очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил 1 январь ҳолатига судгача тартибда кўриб чиқиш учун жами 232 та солиқ низосига оид шикоят келиб тушган бўлиб, уларнинг умумий қиймати 1 трлн. 837,1 млрд. сўмни ташкил этган.
Келиб тушган шикоятларнинг асосий қисми солиқ текширувлари билан боғлиқ бўлган. Солиқ аудити бўйича 172 та шикоят, умумий қиймати 1 трлн. 628 млрд. сўм, сайёр солиқ текширувлари бўйича 60 та шикоят, умумий қиймати 209,1 млрд. сўмни ташкил этган.
Бу кўрсаткичлар солиқ аудити жараёнлари тадбиркорлар учун энг кўп баҳсли масалаларни келтириб чиқараётганини кўрсатади.
Шикоятларни кўриб чиқиш жараёнида қуйидаги натижалар қайд этилган. 8 та шикоят бўйича, жами 34,8 млрд. сўм миқдорида солиқ тўловчиларнинг позицияси қаноатлантирилган. 212 та шикоят ( 1 трлн. 725,7 млрд. сўм ) бўйича солиқ хизмати органлари қарорлари ўз кучида қолдирилган ҳамда солиқ тўловчиларга белгиланган тартибда ҳуқуқий тушунтиришлар берилган. 12 та шикоят ( 76,6 млрд. сўм ) бўйича ҳозирда ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, солиқ низоларини судгача ҳал қилиш механизми солиқ маъмуриятида муҳим аҳамият касб этмоқда. Бир томондан, ушбу тизим солиқ тўловчиларга ўз позициясини судга мурожаат қилмасдан туриб ҳимоя қилиш имконини бермоқда. Иккинчи томондан эса, солиқ органлари қарорларининг асосланганлиги ва қонунийлигини қайта кўриб чиқиш орқали тизимдаги шаффофликни оширишга хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, шикоятларнинг катта қисми бўйича солиқ органлари қарорлари ўз кучида қолгани, солиқ текширувлари жараёнида қонунчилик талабларига амал қилиниб келинаётганини кўрсатади.
Бироқ айрим ҳолатларда солиқ тўловчилар позициясининг қаноатлантирилгани мазкур механизмнинг ҳақиқий ҳуқуқий ҳимоя воситаси эканини ҳам тасдиқлайди.
Мутахассислар фикрича, келгусида солиқ соҳасида рақамлаштиришни янада чуқурлаштириш, солиқ текширувлари шаффофлигини ошириш ҳамда солиқ тўловчиларга тушунтириш ишларини кучайтириш орқали солиқ низолари сонини қисқартириш мумкин.
Ш.Маматуропова, ЎзА