French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Солиқ назорати: камерал текширувларда 30,1 трлн. сўмлик қонунбузарликлар аниқланди
14:09 / 2025-11-24

Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, жорий йилнинг январь-октябрь ойлари давомида мамлакат бўйича 41,8 мингта солиқ тўловчида камерал солиқ текшируви ўтказилди. Бу рақам республиканинг 558,9 мингта фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг 7,5 фоизини ташкил этади. Яъни, ҳар 13 та корхонанинг камида бирида солиқ ҳисоботлари юзасидан автомат таҳлил амалга оширилган.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, камерал текширув солиқ органлари томонидан жойига чиқмасдан, электрон маълумотлар базаси, ҳисоботлар ва рақамли маълумотлар асосида ўтказиладиган мониторингдир. Шу жиҳатдан, текширувлар тадбиркорларга ортиқча босимсиз, қўшимча харажатларсиз амалга оширилгани билан аҳамиятли.

Текширув натижасида 30,1 трлн. сўмлик солиқ мажбуриятлари бўйича тафовутлар аниқланган. Барча корхоналарга солиқ ҳисоб-китобларидаги камчиликлар юзасидан тегишли талабномалар юборилган.

Аниқланган тафовутлар асосан, қуйидаги солиқ турларига тўғри келмоқда. Қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) – 14,7 трлн. сўм; фойда солиғи – 9,3 трлн. сўм; акциз солиғи – 3,4 трлн. сўм; мол-мулк солиғи – 1,1 трлн. сўмни ташкил этмоқда. Ушбу рақамлар солиқ интизомининг баъзи соҳаларда ҳали ҳам етарли даражада шаклланмагани, ҳисоботларда йўл қўйилган хатоларнинг салмоғи юқорилигини кўрсатади.

Таҳлилларга кўра, энг катта солиқ тафовутлари қуйидаги йўналишларда қайд этилган: умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳалари — 14,8 трлн. сўм, ишлаб чиқариш — 6 трлн. сўм, қурилиш соҳаси — 3,4 трлн. сўмни ташкил этмоқда. Шунингдек, транспорт хизматлари — 2,4 трлн. сўм, қишлоқ хўжалиги — 1 трлн. сўмни ташкил этмоқда.

Энг катта тафовутлар сервис ва савдо йўналишида қайд этилгани бежиз эмас. Бу соҳада нақд пул айланмаси катта, хизматлар тури кўп, солиқ ҳисоботларида хатоларга йўл қўйиш эҳтимоли юқори.

Солиқ органлари томонидан рақамлаштириш жараёни жадаллаштирилгани, электрон ҳисоботлар ва ўзаро маълумотлар алмашинуви тизимининг кенгайгани текширувлар самарадорлигини оширди.

Камерал текширувнинг асосий устунликлари шундаки, тадбиркорликка бевосита аралашувсиз назорат амалга оширилади.

Солиқ қонунчилиги бузилишларини эрта аниқлаш, бюджет тушумларининг барқарорлигини таъминлаш, рақамли маълумотлар орқали тезкор таҳлил имкониятини яратади.

Бир сўз билан айтганда, аниқланган 30,1 трлн. сўмлик тафовутлар солиқ интизоми ва ҳисоб-китоб маданиятини янада такомиллаштириш зарурлигини кўрсатмоқда. Соҳада рақамлаштириш жараёни тезлашар экан, камерал текширувлар тадбиркорларнинг солиқ мажбуриятларини тўғри ва ўз вақтида бажаришини таъминлашда муҳим механизмга айланмоқда.

Шаҳноза Маматуропова,

ЎзА