Cамарқанд вилояти Ургут туманида Солиқ қўмитаси ташаббуси билан “Менинг солиғим – юртим иқболи” шиори остида навбатдаги акция ўтказилди.
Тадбир Ургут тумани марказий бозори олдида – ҳаётнинг қайноқ нуқтасида ташкил этилгани ҳам бежиз эмас. Бу ерда ҳар куни юзлаб тадбиркорлар, харидорлар, ёшлар ва кекса авлод вакиллари учрашади. Шу жиҳатдан ҳам акциянинг асосий мақсади – солиқ маданиятини одамлар билан юзма-юз муҳитда тарғиб этишга қаратилди.
Тадбирда иштирок этган ёшлар, тадбиркорлар ва фаол фуқаролар солиқларнинг аҳамияти, давлат тараққиётидаги ўрни ва ҳар бир фуқаронинг масъулияти ҳақида қизиқарли суҳбатлар ва амалий мисоллар орқали маълумотга эга бўлдилар.
Шунингдек, Soliq мобиль иловаси орқали тўловларни амалга ошириш, ҳисоб-китобларни кузатиш ва солиқ мажбуриятларини электрон шаклда бажариш имкониятлари намойиш этилди. Иштирокчилар иловадан фойдаланиш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлди.
[gallery-26319]
Акция давомида айрим фуқаролар ўз солиқ тўловларини шу ернинг ўзида амалга ошириб, қулайликни амалда ҳис этдилар. Бу эса акциянинг энг муҳим натижаларидан бири бўлди – солиқ тўлаш маданиятини янада жонли, фаол ва оддий тарзда халқ орасига етказиш.
Тарғибот тадбирлари давом этмоқда.
Алишер ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА