Термизда Ўзбекистон Республикасининг “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилингани муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни мазмун-моҳиятига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Корхоналар раҳбарлари, тадбиркорлар, соҳа мутахассислари, ҳисобчилар иштирок этган семинарда 2023 йил 28 декабрда қабул қилинган мазкур қонун билан Солиқ кодексининг 46 моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгани хусусида сўз юритилди. Қонунчилигимизда юз берган бу янгиланишлар солиқ маъмуриятчилиги ва аҳоли фаровонлигини таьминлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Қайд этилдики, янги ўзгартиш ва қўшимчиларга мувофиқ юк кўтариш қуввати 10 тоннадан юқори транспорт воситалари ва тиркамалари учун БҲМнинг 5-10 баравари миқдорида йиллик табақалаштирилган йўл йиғими жорий этилди. Бу йиғим шу йил 1 апрелдан тўланади. Халқаро молия институтларидан жалб қилинадиган давлат ташқи қарзи ҳисобидан амалга ошириладиган бюджет ташкилотларининг лойиҳалари, шунингдек, давлат корхоналари ҳамда давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган юридик шахсларнинг инфратузилма лойиҳалари доирасида товарларни реализaция қилиш ва уларнинг импорти 2024 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар ҚҚСдан озод этилмоқда. Аввал бу солиқ имтиёзи 2020 йилнинг 1 июлига қадар Халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари директорлари кенгаши томонидан маъқулланган лойиҳалар бўйича лойиҳаларни амалга ошириш муддати тугагунга қадар амал қилар эди.
–2024 йилнинг 1 апрелидан дори воситалари, шунингдек, ветеринария дори воситалари, тиббий ва ветеринария хизматлари бўйича ҚҚС бўйича берилган имтиёзлар бекор қилинади, –дейди вилоят солиқ бошқармаси солиқ солиш бўйича маслаҳат бўлими бошлиғи Собир Раҳмонқулов. – Бунда “Ижтимоий реестр”га киритилган фуқароларга ҚҚС суммаси (12 фоиз)ни “кэшбек” сифатида қайтариш механизми яратилади. Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича ҳар ой бўнак тўловларини тўлаши лозим бўлган тадбиркорлар даромадининг чегаравий миқдори 5 миллиард сўмдан 10 миллиард сўмга оширилмоқда. Бу билан Солиқ кодексининг 483-моддасига ўзгартириш киритилди. Мол-мулк солиғининг асосий ставкаси, яъни 1,5 фоизни сақлаб қолган ҳолда солиқ базасини аниқлашда 1 квадрат-метр учун ўрнатилган минимал қиймат вилоят марказлари учун амалдаги 1,5 миллион сўмдан 2 миллион сўм, бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойлар учун амалдаги 1 миллион сўмдан 1,2 миллион сўм миқдорида белгиланаётир.
Семинарда якка тартибдаги тадбикорлар, ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг солиқ тўловидаги янгиликлар, қўшимча қиймат солиғи, оилавий тадбиркорларга берилаётган ҳуқуқлар, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ва бошқа ўзгартишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
–Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ туридаги муҳим ўзгартиш бу цемент ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган оҳактошнинг 1 тоннаси учун белгиланган солиқ ставкасининг 22 минг 500 сўмдан 6 минг сўмга пасайтирилиши бўлди, – дейди “Шерободцемент заводи” масъулияти чекланган жамияти бош ҳисобчиси Ўктам Намозов. ¬Ўтган йили корхонамиз қазиб олинган 808 минг 536 тонна оҳактош учун 18 миллиард 190 миллион сўм ер қаъридан фойдаланганлик солиғи тўлаган эди. Бу йил мазкур солиқ ставкасининг қарийб тўрт бараварга камайтирилгани натижасида корхонамиз ҳисобида ўртача 13 миллиард 341 миллион сўм маблағ қолиши кутилмоқда. Бу ишлаб чиқаришимизни янада ривожлантириб, қўшимча иш ўринлари яратиш имкониятини беради.
Семинар якунида Солиқ қўмитаси ва вилоят солиқ бошқармаси мутасаддилари солиқ тўловчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири