Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Солиқ ислоҳотлари: тадбиркорлар қўллаб-қувватланмоқда
15:19 / 2023-08-26

Бухоро вилояти солиқ хизмати органлари ходимлари мамлакатимизда олиб борилаётган солиқ ислоҳотларини тадбиркорларга етказиш, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этиш мақсадида ҳудудларда очиқ мулоқотлар ўтказмоқда.

Учрашувларда масъуллар тадбиркорлик субъектларининг юридик манзилига борган ҳолда раҳбар ва ҳисобчилар билан учрашиб, уларга солиқ маъмурчилиги юзасидан тушунтиришлар бериш билан бирга, ҳисобот тақдим қилиш муддатлари ва уларнинг мажбуриятлари бўйича тушунтириш ишларини олиб боряпти. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг муаммолари ўрганилиб, уларга солиқчилар томонидан амалий ёрдам бериляпти.  

Таъкидлаб ўтиш жоизки, юртимизда тадбиркорларнинг эркин фаолият юритишига тўсқинлик қилган барча омиллар бартараф этилиб, ишбилармонлар учун қулай шароитлар яратилаётгани, айниқса, солиқ сиёсати тадбиркорликни рағбатлантиришга айлантирилгани жойларда ўз самарасини бермоқда.  

Хусусан, Когон туманида 2019 йилда иш бошлаган “Омад Кумушкент” саноат корхонасининг вужудга келиши ҳам юртимизда қулай бизнес муҳитининг шакллангани билан боғлиқ.  

Корхона хом бўз матоси ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, маҳсулотларга кейинги йилларда ташқи бозорда ҳам талаб тобора ортиб бормоқда. Биргина мисол, жорий йилнинг ўтган даврида мазкур корхона томонидан чет элга 422 000 АҚШ доллари миқдорида экспорт амалга оширилган.  

Ўз ўрнида ушбу корхонага жорий йилнинг ўтган даврида жами 1 миллиард 600 миллион сўмлик қўшилган қиймат солиғи ўрни ҳам ўз вақтида қоплаб берилиши таъминланган.  

Корхонага қайтарилган ушбу маблағ тадбиркорга айланма маблағларини ошириш, хомашё харид қилиш, ходимларнинг манфаатдорлигини ошириш имконини беради.  

Зариф Комилов, ЎзА