French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Солиқ ислоҳотлари – тадбиркорлар нигоҳида
20:07 / 2026-01-08

Жиззах вилоятида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, солиқ маъмурчилигидаги янгиликларни ўз вақтида ва тўғри етказишга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Шу мақсадда вилоят солиқ бошқармасида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот шаклида навбатдаги ўқув семинари ташкил этилди.

Мазкур тадбир 2026 йил 1 январдан кучга кирган солиқ қонунчилигидаги ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтиришга бағишланди. Семинарда Солиқ қўмитаси мутахассислари иштирок этиб, Солиқ кодекси ҳамда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда акс этган муҳим янгиликлар юзасидан атрофлича маълумот беришди.

Хусусан, 2026 йил учун белгиланган солиқ ставкалари, тадбиркорлик субъектларига тақдим этилаётган имтиёзлар, шунингдек, нақдсиз ҳисоб-китобларни рағбатлантириш орқали яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган механизмлар таҳлил қилинди.  

Янгиликларнинг амалиётда қўлланилиши, уларнинг бизнес муҳитига таъсири ҳақида батафсил фикр алмашилди.

[gallery-27028]

Очиқ мулоқотда 300 нафардан ортиқ тадбиркор иштирок этиб, улар томонидан билдирилган 20 дан ортиқ саволга мутахассислар томонидан аниқ ва асосли жавоблар қайтарилди. Шу билан бирга, тадбиркорларнинг мавжуд муаммолари ва амалий таклифлари тингланиб, уларни ҳал этиш бўйича мутасаддиларга тегишли тушунтириш ва тавсиялар берилди.

Семинар якунида солиқ мажбуриятларини ўз вақтида ва тўлиқ адо этиб келаётган, иш ўринларини қонуний асосда юритиб, шаффоф фаолият олиб бораётган бир гуруҳ тадбиркорлар солиқ органлари томонидан ташаккурномалар билан тақдирланди. Бу эса ҳалол бизнесни рағбатлантириш ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга қаратилган ёндашувнинг амалдаги ифодаси бўлди.

Такидлаш жоизки, солиқ қонунчилигига бағишланган бундай ўқув семинарлари вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ҳам ташкил этилиб, тадбиркорларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, давлат ва бизнес ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари