Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Солиқ – ҳамкор” тизими ва онлайн-назорат касса машиналари – харидорлар ҳуқуқини ҳимоя қилади
17:46 / 2021-05-24

Сурхондарё вилоят давлат солиқ бошқармасида ўтказилган навбатдаги матбуот анжумани ана шу мавзуга бағишланди.

Тадбирда Сурхондарё вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари С. Муҳаммадиев ва бошқалар сўнгги йилларда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар солиқ идоралари ва солиқ тўловчиларнинг ўзаро ҳамкорлигини янги босқичда ривожлантириб, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланишда муҳим омил бўлаётгани ҳақида атрофлича сўз юритди. Бу борадаги ўзгаришлар миллий иқтисодиётимизни янада юксалтиришга хизмат қилаётгани таъкидланди.  

Анжуманда қайд этилдики, шу мақсадда ишлаб чиқилган “Солиқ-ҳамкор” тизими ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларни кескин қисқартиришда муҳим ўрин тутади. Унда мурожаатларни қабул қилишнинг анъанавий шаклларидан ташқари “Soliq hamkor” телеграм боти, Tekshiruv.soliq.uz сайти, “Soliq” мобиль иловаси орқали хабар бериш имконияти яратилгани билан ҳам аҳамиятли бўлди.

Бу жараёнда ҳамкорлик қилиш ихтиёрий бўлиб, улар мазкур тизим орқали солиқ тўловчи, солиқ агенти ёки бошқа шахснинг Солиқ кодексида жавобгарлик белгиланган ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги юзасидан давлат солиқ хизмати органини хабардор этиши мумкин.

“Солиқ – ҳамкор” тизимида “Харид чеки бермаслик”, “Банк пластик картаси орқали тўлов қабул қилишни рад этиш”, “Пластик картада тўлов қилинганда маҳсулотни қимматроқ сотиш” ва “Ноқонуний фаолият юритиш” каби тўрт йўналишда мурожаат йўллаши ва ҳар бир мурожаатчи ўз хабари ҳолатини реал вақт режимида кузатиб бориши мумкин.

–Тизимнинг яна бир афзаллиги шундаки, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси солиқ назорати бўлими сайёр солиқ текширувлари шўъбаси бошлиғи Ботир Хуррамов. – Барча хабарлар Давлат солиқ қўмитаси томонидан алоҳида назоратга олинади. Юборилган маълумотлар қабул қилингани, кўриб чиқиш жараёни ва якуний натижаси бўйича мурожаатчига SMS кўринишида ахборот тақдим этиб борилади. Шунингдек, “Soliq hamkor” ахборот тизими орқали келиб тушган хабарлар сайёр солиқ текшируви ўтказиш учун асос бўлади.

Вилоятда “Soliq hamkor” ахборот тизими орқали давлат солиқ хизмати органларига келган мурожаатлар асосида жорий йилнинг ўтган даврида 407 та солиқ текшируви ўтказилди. Уларнинг аксарияти харид чеки берилмаслик ҳолати бўйича юборилган хабарлардир.  

Таҳлиллар ҳам солиқ ҳуқуқбузарликларининг аксарияти харид чеки берилмаслик ҳолатлари билан боғлиқлигини кўрсатмоқда. Шу боис давлат солиқ қўмитаси хуфиёна иқтисодиётга қарши курашишда жамоатчилик назоратини таъминлаш, хусусан, истеъмолчилардан харид чекини талаб қилишга ундовчи ютуқли чек ўйинларини ташкил этаётир.

Матбуот анжуманида ўтган йилнинг июль ойидан буён ўтказилаётган ютуқли чек ўйинларининг яширин иқтисодиётни қисқартиришдаги аҳамияти ва фаол фуқароларни рағбатлантиришга қаратилган ютуқли чек ўйинлари тартиби ҳамда қимматбаҳо совринлари хусусида ҳам атрофлича маълумот берилди.  

Президентимизнинг 2019 йил 6 сентябрдаги “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони асосида нақд пул тушумига эга бўлган тадбиркорлик субъектларини онлайн назорат-касса машиналари ёки виртуал кассадан фойдаланишга босқичма-босқич ўтказиш графиги ҳамда ушбу жараённи тўрт босқичда амалга оширишнинг мазмун-моҳияти, онлайн назорат-касса машиналарининг харидорлар учун қулайликлари тўғрисида фикр юритилди.

  

Маълумотларга кўра, вилоятда 7 минг 81 та тадбиркорлик субъекти онлайн-назорат касса машиналари ва виртуал кассалардан фойдаланмоқда. 2022 йил 1 январдан онлайн-назорат касса машиналари ва виртуал кассадан фойдаланишга ўтиш шартлиги белгилаб қўйилган.  

Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.

 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири