Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Солиқ бошқармасида "Очиқ эшиклар куни"
17:16 / 2025-06-03

Хоразм вилоят солиқ бошқармасида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ташкил этилди. Унда мамлакатимиздаги турли олийгоҳларда айнан иқтисодиёт йўналишда таълим олаётган талабалар иштирок этди.

Солиқ тушумларининг давлатимиз иқтисодий тараққиётидаги ўрни жуда катта. Тадбирда солиқ органлари солиқ тўловчиларнинг бизнес-ҳамкори ва маслаҳатчиси, уларга сервис хизматлари кўрсатувчи давлат органига айлангани таъкидланди.

Тадбир давомида талабаларга давлат солиқ хизмати идоралари ходимлари учун яратилган шароитлар, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди.  

– Жамиятнинг ҳар бир соҳасида ватанга муносиб хизмат қиладиган ёш салоҳиятли кадрларни тарбиялаш устувор вазифа ҳисобланади, –дейди вилоят солиқ бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Ўткирбек Каримов. – Уларга кўмак бериш, қўллаб-қувватлаш эса асосий мақсадимиздир. Шу сабабдан ҳам мазкур тадбир давлат солиқ хизмати органи ходимлари сафига мамлакатимизнинг энг иқтидорли йиғит-қизларини жалб қилишдир.  

[gallery-23749]

Талабаларга бошқармадаги бўлимлар фаолияти, солиқ тизимида ишлатилаётган турли дастурлар, инспекторларга юклатилган вазифалар юзасидан зарур ахборотлар, тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, ёшлар келажакда етук кадр бўлиш учун қайси жиҳатларга кўпроқ эътибор бериш кераклиги бўйича зарур масалаҳатлар олишди.

– Мен ёшлигимдан ҳисоб - китоб ишларига қизиқаман, – дейди УрДУ талабаси Ноила Собирова. – Қўшнимиз Нигора опа туманимиздаги солиқ инспекциясида ишлайди. Унинг эрталаб солиқчи формасида ишга кетишини кўриб, ҳавас қилиб улғайдим. Олийгоҳни аъло баҳоларга тугатсам, мен ҳам шу идорага ҳужжатларимни топшириб кўраман. Бугун бошқармадаги яратилган шароитларни, иш жараёнларини кўриб иштиёқим икки баробар ортди.  

«Очиқ эшиклар куни»  доирасида талабаларга солиқ тизимида коррупциянинг олдини олиш, коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумотлар берилди.  

Аҳмаджон Шокиров,

Беҳзод Саидов(сурат), ЎзА мухбирлари