Юртимизнинг барча ҳудудларида ёш ўғил-қизларнинг солиқлар ҳақидаги тафаккурини бойитиш, уларда қонунларга ҳурмат ва фуқаролик масъулиятини шакллантириш мақсадида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.
Наманганда ўтказилган “Солиқ билимлари – ёш авлодга” ижодий кўрик-танловининг вилоят босқичи ҳам ўқувчилар ўртасида солиқ борасидаги ҳуқуқий онгини ривожлантириш, уларнинг ижодий қобилиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда солиқ тизимидаги ислоҳотлар юзасидан билим ва тасаввурини бойитишда муҳим аҳамият касб этди.

“Ёшлар маркази” биносида кўтаринки руҳда ташкил этилган ушбу танловда шаҳар ва туман босқичларида сараланган 42 нафар иқтидор эгаси учта йўналиш бўйича ўзаро баҳслашди.
Иштирокчилар “Солиқлар мавзусининг расмлардаги тасвири”, “Солиқ: кеча, бугун, эртага”, “Солиқлар нимага тўланади ва нималарга сарфланади?” каби мавзуларда истеъдод ва ижодий салоҳиятини намоён этди.

5-11 синф ўқувчилари чизган ранг-баранг суратлар, мазмунли ёзилган иншолар, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда тайёрланган видеоролик ва рельслар орқали солиқ маданиятига бўлган муносабат ифодаланди.
Баҳолашда эса ўқувчиларнинг мавзуда юзасидан билими, ижодий ёндашуви, фикрни ифодалаш маҳорати ва замонавий шакллардан фойдаланиш даражаси инобатга олинди.

Ёшларнинг солиқ маданиятини қарор топтириш, навқирон авлод вакилларининг иқтисодий саводхонлигини мустаҳкамлаш, пировардида ёшларни онгли солиқ тўловчи сифатида камол топтиришга хизмат қилувчи танлов натижаларига кўра, “Энг яхши расм” йўналишида Мингбулоқ туманидаги 14-сонли умумтаълим мактабининг 6-синф ўқувчиси Анастасия Самишина, “Энг яхши иншо” йўналишида Наманган туманидаги 25-сонли умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Зийнатхон Иброҳимжонова, “Энг яхши видеоролик” йўналишида эса, Наманган шаҳридаги 38-сонли умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Мубина Акмалова ғолибликни қўлга киритиб, республика босқичида қатнашадиган бўлишди.

Ғолиблар ва фаол иштирокчилар тадбир ташкилотчилари – Наманган вилоят солиқ бошқармаси, мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда ёшлар ишлари бошқармаси томонидан диплом, эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА