Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ қўмитаси, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ёшлар ўртасида солиқ маданиятини шакллантириш, уларда солиққа оид билимларни ошириш ва фуқаролик масъулиятини кучайтириш мақсадида “Солиқ билимлари – ёш авлодга” республика кўрик-танлови ташкил этилди.
Бухоро вилоятида мазкур танловнинг мактаб, туман (шаҳар) ва ҳудудий босқичлари юқори уюшқоқлик ва фаоллик билан ўтказилди. Танловда вилоятдаги 500 дан ортиқ умумий ўрта таълим мактабларидан 2 мингдан зиёд 5-11-синф ўқувчилари иштирок этиб, ўз билим ва иқтидорини намоён этди.

Бу эса ёшлар ўртасида солиқ маданиятини шакллантириш борасидаги ишлар қамрови кенгайиб бораётганидан далолат беради.

Бухоро солиқ техникумида бўлиб ўтган ҳудудий босқичда ҳар бир номинация бўйича ўз ҳудудларида энг кучли деб топилган 39 нафар иштирокчи республика босқичи йўлланмаси учун ўзаро баҳслашди. Танлов шартларига мувофиқ, иштирокчилар солиқ мавзусини ўзларининг ранг-баранг ижодий ишлари – суратлар, иншолар, видеороликлар орқали ифода этди.

Солиқларнинг қайси соҳаларга сарфланиши, уларнинг фуқаролар ҳаётидаги ижтимоий аҳамиятини 3 та номинация бўйича юқори савияда очиб берган Бухоро шаҳар 34-мактаб ўқувчиси Мусаллам Бахриддинова, Бухоро тумани 16-мактаб ўқувчиси Зилола Чориева ҳамда Бухоро шаҳар 30-мактаб ўқувчиси Назир Зариповлар танловнинг мутлақ ғолиблари деб топилди.

Танлов якунида кўрик-танловнинг вилоят босқичи ғолиб ва совриндорларига дипломлар, эсдалик совғалари ва рағбатлантирувчи мукофотлар топширилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири