Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Солиқ билимлари – ёш авлодга
19:43 / 2026-02-06

Бугунги кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ёш авлод онгида солиқлар ҳақидаги билим ва тушунчаларни мустаҳкамлаш, уларда қонунга ҳурмат ва фуқаролик масъулиятини шакллантириш мақсадида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Ана шундай муҳим ташаббуслардан бири сифатида 5–11-синф ўқувчилари ўртасида “Солиқ билимлари – ёш авлодга” номли кўрик-танлов ташкил этилган.

Танлов шартларига кўра, иштирокчи ўқувчилар солиқ мавзусини турли ижодий йўналишларда ёритиб бермоқда. Хусусан, улар томонидан тайёрланган ранг-баранг суратлар, мазмунли иншолар ҳамда замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда яратилган видеоролик ва рельслар орқали солиқ маданиятига бўлган муносабат яққол намоён этилмоқда. 

Бухоро вилоятида ҳам мазкур кўрик-танловга бўлган қизиқиш жуда юқори бўлиб, унинг барча босқичлари катта фаоллик ва рақобат руҳида ўтмоқда. Ҳудудларда ташкил этилган саралаш босқичларида юзлаб ўқувчилар фаол иштирок этгани бунинг ёрқин далилидир. Жумладан, Бухоро шаҳридаги 45 та умумтаълим мактабидан саралаб олинган 40 нафардан зиёд ўғил-қизлар танловнинг вилоят босқичига чиқиш учун ўзаро беллашди.

Баҳолаш жараёнларида иштирокчиларнинг мавзудаги билимлари, ижодий ёндашуви, фикрни ифодалаш маҳорати ҳамда замонавий шакллардан фойдаланиш даражаси инобатга олинди. Якуний натижаларга кўра, энг юқори кўрсаткичларга эришган 3 нафар ўқувчи танловнинг вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Тадбир якунида ғолиб ва фаол иштирокчиларга ташкилотчилар томонидан ташаккурномалар ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, танлов иштирокчиларига келгусида ҳам бундай маърифий тадбирларда фаол бўлиш, билим ва иқтидорларини янада ривожлантириш бўйича тавсиялар берилди.

Шубҳасиз, “Солиқ билимлари – ёш авлодга” каби кўрик-танловлар ёшларни эрта ёшдан солиқ маданиятига ўргатиш, уларни қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, келажакда эса масъулиятли ва онгли солиқ тўловчи сифатида камол топтиришда муҳим аҳамият касб этади. 

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.